Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 14–15 октябрь кунлари Сурхондарё вилояти Олтинсой туманидаги «Хўжаипок» санаторийси ҳудудида «Ўзбекистон энотуризми ва миллий таомлари» фестивали бўлиб ўтади.
Тадбир иштирокчилари минтақа узумчилиги ва виночилик анъаналари, миллий гастрономик мерос, маҳаллий маҳсулотлар ҳамда ҳунармандчилик билан танишиш имконига эга бўлади.
Фестивалда Сурхондарё вилоятининг туристик салоҳиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Фестиваль дастуридан гастрономик кўргазма ва дегустациялар, энотуризмни ривожлантириш бўйича тақдимотлар, миллий маданий ва ижодий дастур ўрин олади. Шунингдек, туризм соҳаси вакиллари, тадбиркорлар ҳамда ҳамкорлар билан учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.
Ташкилотчилар фестивалдан маҳаллий гастрономик маҳсулотлар ва туристик хизматларни тарғиб қилиш, ҳудуднинг энотуризм соҳасидаги имкониятларини оммалаштириш ҳамда янги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришда фойдаланишни режалаштирмоқда.
Тадбир доирасида блогерлар, контент яратувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун махсус медиа тадбирлар ташкил этилади.
Улар Сурхондарё вилоятининг туристик имкониятларини ёритишга бағишланади.
Фестиваль, шунингдек, маҳаллий маҳсулотлар ва хизматларни кенг аудиторияга тақдим этиш, ҳудуднинг гастрономик мероси, узумчилик анъаналари ва туристик йўналишларини тарғиб қилиш учун майдонга айланади.