Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида туризм, маданият ва креатив индустриялар соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аккуловнинг Ҳиндистонда туризм ва маданият масалалари бўйича Ўзбекистон элчиси Риту Бери билан учрашуви мамлакатнинг туристик салоҳиятини тарғиб қилиш ва қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш масалаларига бағишланди.
Томонлар туристик алмашинувни ривожлантириш, маданият, санъат, ҳунармандчилик, мода ва креатив иқтисодиёт соҳаларида ҳамкорлик қилиш, шунингдек, Ўзбекистонни Ҳиндистон туристик бозорида тарғиб этиш имкониятларини кўриб чиқди.
Учрашувда сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар стратегик аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
2026 йил август ойида Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг Ўзбекистонга давлат ташрифи ва Президент Шавкат Мирзиёев билан музокаралари давомида икки томонлама алоқаларни кенг қамровли стратегик шериклик даражасида янада ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди.
Ташрифнинг амалий натижаларидан бири 2026–2028 йилларга мўлжалланган туризм соҳасида ҳамкорлик дастурининг имзоланиши бўлди. Ҳужжат туристик алмашинувни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, маданий тадбирлар ўтказиш ва янги туристик йўналишларни яратиш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Кириш шартларининг ўзгартирилиши ҳам туристлар оқимини ошириш учун қўшимча имкониятлар яратди.
1 сентябрдан бошлаб Австралия, АҚШ, Буюк Британия, Канада, Корея Республикаси, Шенген келишуви иштирокчи давлатлари, Янги Зеландия ёки Япониянинг амалдаги кўп марталик туристик ёки бизнес визасига эга бўлган Ҳиндистон фуқаролари, шунингдек, ўз мамлакатига ёки учинчи давлатга учиш учун авиачиптаси мавжуд бўлса, кўрсатилган хорижий визалардан бирининг амал қилиш муддати доирасида Ўзбекистонга 30 кунгача визасиз кириши мумкин.
Туристик алоқаларни ривожлантиришга тўғридан-тўғри авиақатновларнинг кенгайиши ҳам хизмат қилмоқда. 28 сентябрдан «Centrum Air» авиакомпанияси Тошкент – Ҳайдаробод – Тошкент йўналиши бўйича мунтазам рейсларни амалга оширмоқда.
Йўналиш ишга туширилгани муносабати билан 2–5 октябрь кунлари Ҳайдаробод туристик соҳаси вакиллари учун Ўзбекистон бўйлаб танишув сафари ташкил этилди. 5 октябрь куни Тошкентда Uzbekistan–India Travel & Tourism Business Forum ва B2B учрашувлари бўлиб ўтди.
Музокараларда Ҳиндистон модаси, дизайни ва креатив индустриялари соҳасида ҳамкорлик қилиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди. Риту Берининг тажрибасини инобатга олган ҳолда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, Ҳиндистон мода ва дизайн индустрияси вакиллари ҳамда ихтисослашган оммавий ахборот воситалари учун Ўзбекистон бўйлаб танишув креатив сафари ташкил этиш таклиф қилинди.
Томонлар, шунингдек, Ҳиндистонда Ўзбекистоннинг замонавий туристик имижини шакллантиришга қаратилган медиа ва креатив ташаббусларни муҳокама қилди. Мамлакатни тарғиб қилишга ҳинд дизайнерлари, ихтисослашган ОАВ, маданий платформалар ва жамоатчилик фикри етакчиларини жалб этиш таклиф қилинмоқда.
Учрашув якунлари бўйича Ҳиндистоннинг тўй индустрияси етакчи вакиллари ва нуфузли экспертларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.
Бундан ташқари, томонлар Ҳиндистон фильмини Ўзбекистонда суратга олиш имкониятини ишлаб чиқиш ҳамда қўшма ташаббусларни тизимли амалга ошириш учун алоҳида «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш имкониятини кўриб чиқишга келишиб олди.
Учрашув иштирокчилари туристик ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш, янги туристик маҳсулотлар яратиш ҳамда Ўзбекистонни Ҳиндистон бозорида тарғиб қилиш бўйича амалий ишларни давом эттиришга тайёр эканини билдирди.