Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тиббиёт соҳасига рақамли технологияларни жорий этиш ва улардан фойдаланишдаги муаммолар юзасидан ҳисобот тақдим этди.
Тиббиёт муассасаларини рақамлаштиришнинг асосий воситаларидан бири ягона DMED ахборот тизими бўлиб қолмоқда.
Ушбу тизим электрон шифохона, стационар, лаборатория, электрон рецепт, омбор, реабилитация ва йўлланма хизматларини бирлаштиради.
2025–2026 йилларда DMED тизимини такомиллаштириш бўйича 491 та ташаббус амалга оширилди. Имтиёзли электрон йўлланмалар сони 148 мингтадан ошди. Шифокорлар учун таҳлиллар ва тиббий кўриклар бўйича 65 миллиондан ортиқ ёзув шакллантирилди.
Бундан ташқари, 126 та электрон журнал ва шакл, шунингдек, 28 та миллий ҳисобот рақамли форматга ўтказилди.
Вазир маълумотларига кўра, 20 дан ортиқ функционал модуль ва хизмат ишлаб чиқилган. Улар 4 мингдан ортиқ давлат тиббиёт муассасаси, қарийб 6 мингта хусусий клиника, 11 мингдан зиёд дорихона ҳамда 38 миллиондан ортиқ фуқарони қамраб олган.
Тиббиёт муассасаларини техник жиҳозлаш учун 96 301 та компьютер ва 43 520 та планшет харид қилинди. Шунингдек, 44 миллиондан ортиқ лаборатория таҳлили рақамлаштирилди.
Алоҳида йўналишлардан бири тиббиёт амалиётида сунъий интеллектдан фойдаланиш ҳисобланади. AI TOP3-CDSS тизими 6 мингдан ортиқ ҳолатни таҳлил қилди, AI Med-STT эса шифокорлар ва беморлар ўртасидаги 2,5 мингдан ортиқ суҳбатни матнга айлантирди.
AI MAMMO тизими маммографик текширувларнинг 54 мингдан ортиқ натижасини қайта ишлади, AI Stroke эса инсульт билан боғлиқ 2,5 мингдан зиёд ҳолатни таҳлил қилди.
2026 йил охирига қадар сунъий интеллектга асосланган олтита тизимни тўлиқ ишга тушириш ва яна учтасини пилот режимида жорий этиш режалаштирилган. Вазирлик баҳолашига кўра, ушбу ечимлар касалликларни эрта босқичларда аниқлаш, ташхис қўйиш жараёнини тезлаштириш ва тиббиёт ходимларига тушадиган юкламани камайтиришга ёрдам беради.
Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ахборот тизимларини интеграция қилишга мўлжалланган DHP платформаси устида ҳам иш олиб борилмоқда. У халқаро HL7 FHIR стандарти асосида ишлаб чиқилмоқда.
Тақдим этилган ҳисоб-китобларга кўра, платформани жорий этиш маъмурий юкламани 30 фоизга, такрорий текширувлар ва тиббий хатолар сонини 20 фоизга, ҳисоботларни шакллантириш вақтини эса 90 фоизга қисқартириш имконини беради.
Шу билан бирга, депутатлар рақамли ечимларни жорий этиш жараёнида сақланиб қолаётган муаммоларга эътибор қаратди. Хусусан, DMED тизими ҳозирча барча давлат тиббиёт муассасаларида тўлиқ ҳажмда ишламаяпти. Бундан ташқари, вазирликнинг рақамли платформалари хусусий тиббиёт ташкилотлари билан етарлича интеграция қилинмаган.
Мажлисда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағларидан фойдаланиш масалалари ҳамда фуқароларнинг республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларига имтиёзли йўлланмалар олишда дуч келаётган қийинчиликлари муҳокама қилинди.
Депутатлар аниқланган муаммоларни бартараф этиш, барча тиббиёт муассасаларида рақамли хизматларнинг тўлиқ ва ягона тартибда ишлашини таъминлаш ҳамда аҳолининг тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини соддалаштириш бўйича чоралар таклиф қилди.
Муҳокама якунларига кўра, вазирнинг ахбороти маълумот учун қабул қилинди. Қонунчилик палатаси мазкур масала юзасидан парламент назоратини давом эттиришга қарор қилди.