Ўзбекистон

Ўзбекистонда мактабга тайёргарлик мажбурий таълим тизимига киритилади

Ўзбекистонда мактабга тайёргарлик мажбурий таълим тизимига киритилади
Ўзбекистонда мактабга тайёргарлик мажбурий таълим тизимига киритилади / Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда болаларни мактабга бир йиллик тайёрлашни мажбурий умумий ўрта таълим тизимига киритиш режалаштирилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси тегишли қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилиб, Сенатга юборди.

Ҳужжат билан «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги ҳамда «Таълим тўғрисида»ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган.

Қонун лойиҳасига мувофиқ, болаларни мактабга бир йиллик тайёрлаш мажбурий умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичига айланади.

Машғулотларни мактабгача таълим ташкилотларида ҳам, умумтаълим муассасаларида ҳам ташкил этиш таклиф қилинмоқда.

Қонун лойиҳасида болаларнинг бундай тайёргарликдан ўтиш ҳуқуқини кафолатлаш ҳам назарда тутилган.

Янги тартиб мактабгача ва мактаб таълими ўртасидаги узвийликни таъминлаш, болаларнинг ўқишни бошлашга тайёргарлик сифатини ошириш имконини бериши кутилмоқда. Бундан ташқари, ташаббус миллий таълим тизимини халқаро стандартларга яқинлаштиришга қаратилган.

Ҳужжатнинг асослантириш қисмида қайд этилишича, ушбу ўзгаришлар Ўзбекистон фуқаролари олган таълимнинг хорижий давлатларда тан олинишига ҳам хизмат қилиши мумкин.

Қонунчилик палатасида учинчи ўқишда қабул қилинганидан сўнг ҳужжат кўриб чиқиш учун Сенатга юборилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.