Молия

ХВЖ Ўзбекистон билан иқтисодий ва молиявий ислоҳотларни муҳокама қилди

ХВЖ Ўзбекистон билан иқтисодий ва молиявий ислоҳотларни муҳокама қилди
ХВЖ Ўзбекистон билан иқтисодий ва молиявий ислоҳотларни муҳокама қилди / Фото: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ҳамда иқтисодий ислоҳотларнинг боришини муҳокама қилди.

Учрашув 24 ноябрь куни Бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда ХВЖнинг Ўзбекистон бўйича миссияси раҳбари Яссер Абди бошчилигидаги жамғарма делегацияси иштирокида бўлиб ўтди.

Музокараларда, шунингдек, ХВЖнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Коба Гвенетадзе, жамғарманинг иқтисодчилари ва тегишли соҳалар бўйича мутахассислари қатнашди. Ўзбекистон томонидан Марказий банк раиси Тимур Ишметов, Миллий статистика қўмитаси раиси Беҳзод Ҳамраев ҳамда тегишли идоралар вакиллари иштирок этди.

Томонлар ҳамкорлик истиқболлари, мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ва молиявий ўзгаришлар, шунингдек, уларнинг натижалари юзасидан фикр алмашди.

Муҳокамаларнинг асосий мавзуларидан бири макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва таркибий ислоҳотларни жадаллаштириш бўлди. Иштирокчилар, шунингдек, пул-кредит ва бюджет-солиқ сиёсатини мувофиқлаштириш, инфляцияни изчил пасайтириш масалаларини кўриб чиқди.

Бюджет жараёнлари самарадорлигини ошириш, бюджет кўрсаткичларини мақбуллаштириш ва давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Музокаралар кун тартибидан солиқ ва божхона сиёсатини янада ривожлантириш, ушбу соҳаларда бошқарувни такомиллаштириш, хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш ҳамда иқтисодиётда хусусий секторнинг ролини кенгайтириш масалалари ҳам ўрин олди.

ХВЖ вакиллари Ўзбекистондаги иқтисодий барқарорлик ва иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатларини ижобий баҳолади. Шунингдек, глобал ноаниқликларга қарамай, мамлакатнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари мустаҳкамланаётганини таъкидлади.

Учрашув якунида томонлар белгиланган йўналишлар бўйича амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва муҳокама қилинган масалалар юзасидан фикр алмашишни кенгайтиришга келишиб олди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.