Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Марказий банкининг Банк назорати қўмитаси 2026 йил октябрь ойида олтита йиғилиш ўтказиб, уларда 43 та масалани кўриб чиқди ва тегишли қарорлар қабул қилди. Бу ҳақда Марказий банк хабар берди.
Рўйхатдан ўтказиш ва рухсатномалар бериш билан боғлиқ масалалар доирасида қўмита 23 та масалани кўриб чиқди.
Улар қаторига кредит ташкилотлари уставларига киритилган ўзгаришларни рўйхатдан ўтказиш (8 та масала), банкларда текширувлар ўтказиш учун аудиторларга малака сертификатларини бериш (2 та масала), микромолия ташкилотларини рўйхатдан ўтказиш, тўлов ташкилотларини аккредитациядан ўтказиш ва уларга лицензиялар бериш (4 та масала) киритилди.
Шунингдек, қўмита кредит ташкилоти устав капиталидаги улушни сотиб олишга рухсат бериш бўйича битта масалани, тижорат банклари кузатув кенгашлари ва бошқаруви аъзолари, шунингдек, муҳим лавозимларни эгаллаган ходимлар номзодлари билан боғлиқ саккизта масалани кўриб чиқди.
Яна 20 та масала кредит ва тўлов ташкилотларининг молиявий ҳолатига тааллуқли бўлди. Хусусан, Марказий банк кўрсатмалари ва пруденциал нормативлар талабларига риоя этилиши, банклар ва нобанк кредит ташкилотларида ўтказилган инспекция текширувлари натижалари, шунингдек, тартибга солиш синов майдончаси доирасида ташкилотларнинг молиявий хизматларини синовдан ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.
Пруденциал нормативлар ва қонунчилик талабларига риоя этилмагани, шунингдек, инспекция текширувлари давомида аниқланган қоидабузарликлар учун олтита банк ва иккита микромолия ташкилотига нисбатан жарима санкциялари қўлланилди.
Бундан ташқари, битта банк ва битта микромолия ташкилотига чоралар ҳамда санкциялар қўлланилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш берилди.