Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Туркия ислом молияси, финтех ҳамда рақамли молиявий хизматлар соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини кўриб чиқди.
Ҳамкорлик масалалари Ўзбекистон Марказий банки раисининг ўринбосари Санжар Носиров ва Туркия президенти ҳузуридаги Инвестициялар ва молия офиси Молия департаменти раҳбари, доктор Тарик Акин ўртасида Самарқанд ислом молияси форуми — 2026 доирасида муҳокама қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув давомида Туркия томони иштирок молияси (participation finance) соҳасида норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш бўйича ўз тажрибасини тақдим этди. Тарик Акин, шунингдек, уй-жой ва автомобиллар харид қилишда жамғарма асосида молиялаштириш моделларини қўллаш ҳақида маълумот берди.
Музокараларнинг алоҳида мавзуси молиявий технологиялар ва рақамли хизматларни ривожлантириш бўлди. Томонлар ислом молияси ва финтех йўналишлари бўйича икки томонлама ишчи гуруҳлар ташкил этиш имкониятини, шунингдек, «Ҳозир харид қил, кейин тўла» (BNPL) хизматларини тартибга солиш ёндашувларини муҳокама қилди.
Бундан ташқари, учрашув иштирокчилари краудфандинг моделларини ривожлантириш истиқболлари ва ушбу соҳада тажриба алмашиш масалаларини кўриб чиқди.
Музокаралар якунида томонлар экспертлар даражасидаги ҳамкорликни давом эттириш муҳимлигини таъкидлаб, мунтазам мулоқотни йўлга қўйишнинг эҳтимолий шаклларини муҳокама қилди.