Молия

Ўзбекистон Марказий банки АҚШ компаниялари билан ҳамкорликни муҳокама қилди

Ўзбекистон Марказий банки АҚШ компаниялари билан ҳамкорликни муҳокама қилди
Ўзбекистон Марказий банки АҚШ компаниялари билан ҳамкорликни муҳокама қилди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Марказий банки раҳбарияти АҚШнинг етакчи компаниялари вакиллари билан молия бозорини ривожлантириш, рақамли тўловлар ва инвестицияларни жалб қилиш масалалари бўйича музокаралар ўтказди.

Учрашувлар 19 октябрь куни Самарқандда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги бизнес ва инвестициявий ҳамкорлик кенгаши доирасида бўлиб ўтди.

Музокараларда StoneX Group Inc., Visa, Nasdaq, Franklin Templeton ва Citi компаниялари вакиллари иштирок этди. Халқаро ҳамкорлар Ўзбекистондаги иқтисодий ўсиш ва амалга оширилаётган ислоҳотлар хорижий инвесторлар учун қулай шароит яратаётганини таъкидлади.

Томонлар молия бозори инфратузилмасини ривожлантириш, халқаро захираларни бошқариш ва хеджирлаш механизмларини жорий этиш бўйича ҳамкорлик истиқболларини кўриб чиқди.

Шунингдек, кун тартибидан рақамли тўловлар, киберхавфсизликни мустаҳкамлаш, «Очиқ банкинг» (Open Banking) концепциясини ривожлантириш ва Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси фаолиятини такомиллаштириш масалалари ўрин олди.

Учрашувлар якунида томонлар ушбу йўналишлардаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича кейинги қадамларни келишиб олди.

Кенгаш доирасида ўзбекистонлик ва америкалик компаниялар вакиллари иштирокида «Молия ва инвестициялар» сессияси ҳам бўлиб ўтди. Унга Ўзбекистон Марказий банки ва АҚШ Халқаро молия тараққиёти корпорацияси (DFC) ҳамраислик қилди.

Сессия иштирокчилари Ўзбекистоннинг макроиқтисодий истиқболлари, хусусийлаштириш жараёнларининг жорий ҳолати ва мамлакатнинг асосий инвестиция устуворликларини муҳокама қилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.