Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича олтита ташаббусни тақдим этди. Улар Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий Осиё – Хитой» қурилиш вазирларининг иккинчи конференциясида илгари сурилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги хабар берди.
Вазирнинг сўзларига кўра, сўнгги тўққиз йил давомида Ўзбекистонда 15 мингта кўп квартирали уй фойдаланишга топширилган бўлиб, уларда 715 мингдан ортиқ хонадон ташкил этилган. Қурилган бино ва иншоотларнинг умумий майдони 288 миллион квадрат метрдан ошган.
Ҳозирги вақтда қурилиш босқичида бўлган объектларнинг умумий майдони 218 миллион квадрат метрни ташкил этади. Уларда 771 мингдан ортиқ хонадон қурилиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, қурилиш соҳасида 420 та шаҳарсозлик нормаси ягона талаблар асосида бирхиллаштирилган ва 500 дан ортиқ янги норматив ҳужжат ишлаб чиқилган.
Соҳани рақамлаштириш доирасида «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими 24 та ахборот платформаси орқали 22 та давлат органи билан интеграция қилинган. Қайд этилишича, лицензия бериш муддати 10 кундан 10 дақиқагача қисқартирилган.
Халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Шерзод Ҳидоятов олтита таклифни илгари сурди.
Биринчи таклиф саноат усулида уй-жой қуриш ва замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида технологик ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат.
Иккинчи таклиф қурилиш нормалари ва стандартларини ўзаро яқинлаштириш, илмий-тадқиқот институтлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашни назарда тутади.
Учинчи йўналиш бино ахборот моделлаштириш (BIM) технологиялари, сунъий интеллект ва рақамли бошқарув тизимларини ривожлантиришни ўз ичига олади.
Тўртинчи таклиф доирасида мутахассислар тайёрлаш, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш ва академик алмашинувни ривожлантириш кўзда тутилган.
Бешинчи ташаббус замонавий шаҳарсозлик, муҳандислик инфратузилмаси ва «Ақлли шаҳар» (Smart City) концепцияси бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган.
Олтинчи таклиф эса Марказий Осиё – Хитой сейсмик муҳандислик ассоциациясини ташкил этишдан иборат.
Ушбу ташаббус доирасида вазир зилзилабардош қурилиш соҳасида қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш, муҳандислик тажрибаси билан алмашиш, сейсмик лойиҳалаш нормаларини ўзаро яқинлаштириш ва малакали мутахассислар тайёрлашни таклиф қилди.
Ҳидоятов Ўзбекистон ушбу йўналишларда ҳамкорлар билан фаол ҳамкорлик қилиш, тажриба алмашиш ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканини билдирди.