Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Покистон Бош вазирининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири ва сенатор Муҳаммад Исҳоқ Дар билан телефон орқали мулоқот ўтказди.
Томонлар икки томонлама муносабатларни ривожлантириш истиқболлари ҳамда халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Суҳбат давомида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги муносабатларнинг жорий ҳолати, шунингдек, ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқот иштирокчилари умумий минтақавий устувор йўналишларни илгари суриш, ўзаро манфаатли масалалар бўйича ёндашувларни мувофиқлаштириш ва мунтазам мулоқотни давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.