Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 4 ноябрь куни деҳқонлар, фермерлар ва барча қишлоқ хўжалиги ходимларини 5 миллион тоннадан ортиқ пахта ҳосили йиғиб олингани билан табриклади.
Табрикда давлат раҳбари ушбу натижани Янги Ўзбекистон тарихидаги рекорд кўрсаткич деб атади.
Президент пахта хомашёсини ноқулай об-ҳаво шароити бошланишидан олдин соҳанинг ички имкониятларини сафарбар этиш ҳисобига йиғиб олишга эришилганини таъкидлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати хабар берди.
Табрикда қайд этилишича, пахта ҳосилдорлигининг ўртача кўрсаткичи 2,7 баробарга ошиб, гектарига 21 центнердан 56 центнерга етган.
Жорий йилда пахтакорлар 13–14 триллион сўм соф фойда олиши кутилмоқда.
Қарийб 400 минг гектар майдонда ўртача ҳосилдорлик гектарига 70 центнерни, 70 минг гектарга яқин майдонда эса 100–110 центнерни ташкил этди. Қарийб мингта фермер хўжалиги ва кластер гектаридан 100 центнер ва ундан ортиқ ҳосил олиш маррасига етди.
4 мингдан ортиқ фермерда ҳосилдорлик гектарига 60–70 центнердан, 2,5 минг нафар фермерда эса 80 центнердан ошди. Пахтакор туманидаги Анорбой Эшматов ва Жарқўрғон туманидаги Улуғбек Супиев ҳар гектардан 110 центнердан пахта хомашёси етиштирди.
Табрикда таъкидланишича, бундай натижаларга экиш схемаларини ўзгартириш, кўчатлар сонини икки-уч баробар кўпайтириш ҳамда ғўза тунлами ва гербицидларга чидамли янги биотехнологик навларни жорий этиш орқали эришилган.
Президент, шунингдек, Пахтачилик кенгашининг ташкил этилиши, олимлар томонидан ноанъанавий технологияларни қўллаш ва рақамлаштириш жараёнларини ҳам алоҳида қайд этди. Унинг таъкидлашича, дронлардан фойдаланиш харажатларни икки баробар қисқартириш имконини берган. Бундан ташқари, тўлов интизомининг яхшиланиши, субсидиялаш тизимининг такомиллаштирилиши ва суғурта тизимининг яратилиши ҳам муҳим аҳамият касб этган.
Жиззах, Хоразм, Бухоро, Навоий ва Сирдарё вилоятларида ўртача ҳосилдорлик гектарига 60 центнердан юқори бўлди. Қорақалпоғистонда эса ўтган йилларга нисбатан ҳосилдорлик 10–15 центнерга ошди, пахта йиғими 400 минг тоннадан зиёдни ташкил этди. Мирзаобод ва Ховос туманлари пахтакорлари гектаридан 70 центнердан ортиқ ҳосил олди.
Пахта йиғим-терими ҳажми бўйича Косон тумани 110 минг тонна билан етакчилик қилмоқда. Кейинги ўринларда Миришкор тумани 105 минг тонна, Қасби тумани 95 минг тонна, Нишон тумани 90 минг тонна ва Мирзачўл тумани 85 минг тонна кўрсаткич билан қайд этилган.
Ҳосилнинг қарийб 85 фоизи машиналар ёрдамида териб олинди. 3 мингдан ортиқ пахта териш комбайни бу ишни 30–35 кун ичида бажарди. Жиззах ва Сирдарё вилоятларида механизация даражаси 100 фоизга етди.
Давлат раҳбари жорий кўрсаткичларни ўтган даврлар билан ҳам таққослади. 1980-йилларда республикада пахта экиш учун қарийб 2 миллион гектар ер ажратилган, ўртача ҳосилдорлик эса 30 центнердан ошмаган. 2000 йилда ғўза 1,4 миллион гектар майдонга экилган ва 3 миллион тонна пахта йиғиб олинган.
Сўнгги йилларда ғўза экиладиган майдонлар 38 фоизга қисқарди, пахта монополияси бекор қилинди. Ўқитувчилар, талабалар, ўқувчилар ва бюджет ташкилотлари ходимларини дала ишларига мажбурий жалб этиш амалиётига барҳам берилди. Сув тежовчи технологиялар туфайли сув сарфи 1990-йиллардагига нисбатан икки баробар камайди.
Президент Тошкентда яқинда Бутунжаҳон пахта кунига бағишлаб ўтказилган форумда 30 дан ортиқ мамлакат олимлари ва мутахассислари Ўзбекистонда Бутунжаҳон пахта марказини ташкил этиш ташаббусини илгари сурганини маълум қилди.
Келгуси йилда мамлакат бўйича ғўзанинг ўртача ҳосилдорлигини гектарига 65–70 центнерга етказиш режалаштирилган. Бунинг учун юқори ҳосилли навлар экиладиган майдонларни кенгайтириш, агродронлар, сув ва энергия тежовчи технологиялар ҳамда сунъий интеллектдан кенгроқ фойдаланиш кўзда тутилган.
Табрикда келтирилган маълумотларга кўра, мамлакат аграр соҳасида жами 3,5 миллиондан ортиқ киши меҳнат қилади.