Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, Тошкент шаҳрида 297,5 трлн сўмлик банк кредитлари жамланган бўлиб, бу мамлакатдаги жами кредитлар ҳажмининг 45,1 фоизини ташкил этган. Шунингдек, пойтахт банкларида 383 трлн сўмлик депозитлар жойлаштирилган, бу мамлакат банкларидаги барча маблағларнинг 76,4 фоизига тенг. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки хабар берди.
Айниқса, корхоналар маблағларининг пойтахтда жамланиш даражаси юқори. Тошкент шаҳрида юридик шахсларнинг 275,8 трлн сўмлик депозитлари жойлаштирилган бўлиб, бу мамлакат бўйича ушбу кўрсаткичнинг 89,1 фоизини ташкил этади. Пойтахтда юридик шахсларга ажратилган кредитлар ҳажми 224,3 трлн сўмга, аҳолига берилган кредитлар эса 73,2 трлн сўмга етган.
Тошкент кредитлар ҳажмидан депозитлар миқдори юқори бўлган ягона ҳудуд бўлиб қолмоқда. Пойтахтда кредитларнинг депозитларга нисбати 0,78 ни ташкил этган.
Қолган 13 та ҳудудда эса вазият аксинча. Уларда кредитларнинг умумий ҳажми 361,6 трлн сўмни, депозитлар эса 118,1 трлн сўмни ташкил этган. Яъни ажратилган кредитлар жалб қилинган депозитлардан уч баравар кўп.
Кредитлар ва депозитлар ўртасидаги энг катта тафовут Сирдарё вилоятида қайд этилган. Бу ерда кредитлар ҳажми депозитлардан 9,1 баравар юқори. Жиззах вилоятида ушбу кўрсаткич 5,4 бараварни, Наманган вилоятида эса 4,8 бараварни ташкил этган.
Ҳудудлар кесимида кредитлар ҳажми бўйича Фарғона вилояти 38,7 трлн сўм билан етакчилик қилмоқда. Кейинги ўринларда Самарқанд вилояти 34,5 трлн сўм, Тошкент вилояти 31,4 трлн сўм, Андижон вилояти 31,2 трлн сўм ва Қашқадарё вилояти 31 трлн сўм билан қайд этилган.
Кредитлаш ҳажми энг кам бўлган ҳудудлар Жиззах вилояти (21,2 трлн сўм), Сирдарё вилояти (21,3 трлн сўм) ва Навоий вилояти (21,6 трлн сўм) ҳисобланади.
Депозитлар ҳажми бўйича ҳудудлар орасида биринчи ўринни Самарқанд вилояти 14,7 трлн сўм билан эгаллаган. Ундан кейин Бухоро вилояти 13,9 трлн сўм ва Хоразм вилояти 13 трлн сўм билан жойлашган.
Энг кам маблағ Сирдарё вилояти (2,3 трлн сўм), Жиззах вилояти (3,9 трлн сўм) ва Наманган вилояти (5,2 трлн сўм) банкларида жойлаштирилган.
Олти ҳудудда аҳолига берилган кредитлар корхоналарга ажратилган кредитлардан кўп. Булар Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларидир. Энг катта тафовут Навоий вилоятида кузатилган. Бу ерда жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар 13,2 трлн сўмни, юридик шахсларга берилган кредитлар эса 8,4 трлн сўмни ташкил этган.
12 та ҳудудда аҳолининг банклардаги омонатлари корхоналар депозитларидан кўп. Бундан Тошкент шаҳри ва Андижон вилояти мустасно. Бухоро вилоятида жисмоний шахслар банкларга 11,6 трлн сўм, Хоразм вилоятида эса 11,4 трлн сўм маблағ жойлаштирган.