Молия

Ўзбекистон банкларида муаммоли кредитлар улуши 3,8 фоизни ташкил этди

Ўзбекистон банкларида муаммоли кредитлар улуши 3,8 фоизни ташкил этди
Ўзбекистон банкларида муаммоли кредитлар улуши 3,8 фоизни ташкил этди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистон тижорат банкларидаги муаммоли кредитлар (NPL) ҳажми 25,04 трлн сўмни ёки 659,1 трлн сўмлик умумий кредит портфелининг 3,8 фоизини ташкил этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки хабар берди.

Давлат улуши мавжуд банкларда муаммоли кредитлар ҳажми 16,9 трлн сўмга ёки кредит портфелининг 3,98 фоизига тенг бўлди. Бошқа банкларда эса NPL ҳажми 8,1 трлн сўмни ёки ажратилган кредитларнинг 3,47 фоизини ташкил қилди.

Муаммоли қарздорликнинг энг катта қисми йирик давлат банклари ҳиссасига тўғри келади. Агробанкда бу кўрсаткич 3,18 трлн сўмни ёки кредит портфелининг 3,3 фоизини, Ўзбекистон Миллий банкида эса 3,11 трлн сўмни ёки 3 фоизни ташкил этди.

Учинчи ўринда Микрокредитбанк қайд этилди. Унда муаммоли кредитлар ҳажми 2,74 трлн сўмга ёки кредит портфелининг 11,4 фоизига тенг бўлди.

NPL ҳажми бўйича кейинги ўринларда Ўзсаноатқурилишбанк (1,79 трлн сўм, 3 фоиз), Асакабанк (1,61 трлн сўм, 4,1 фоиз), Халқ банки (1,59 трлн сўм, 4,1 фоиз) ва Бизнесни ривожлантириш банки (1,53 трлн сўм, 5,8 фоиз) жойлашди.

Ипотекабанкда муаммоли кредитлар 1,24 трлн сўмни (3,3 фоиз), Anorbankда 1,18 трлн сўмни (9 фоиз), Kapitalbankда эса 1,11 трлн сўмни (2,8 фоиз) ташкил қилди.

Муаммоли кредитларнинг энг юқори улуши Madad Invest Bankда қайд этилди. Банкнинг 586,8 млрд сўмлик кредит портфелидан 254,8 млрд сўми муаммоли кредитлар ҳиссасига тўғри келиб, уларнинг улуши 43,4 фоизни ташкил этди.

Poутахт Bankда (13,8 фоиз), TBC Bankда (13,4 фоиз) ва Микрокредитбанкда (11,4 фоиз) ҳам муаммоли кредитлар улуши икки хонали кўрсаткичга етди. Anorbankда NPL улуши тахминан 9 фоизни, AVO Bankда 6,9 фоизни, Garant Bankда эса 6,1 фоизни ташкил қилди.

УзКДБ банк ва Октобанкда муаммоли кредитлар мавжуд эмас. Uzum Bank, Apex Bank, Open Bank ва Tayanch микромолия банкида эса NPL улуши 1 фоиздан кам бўлди.

Йирик ва ўрта банклар орасида муаммоли қарздорликнинг энг паст даражаси Hamkorbankда (1,5 фоиз), Ipak Yo‘li Bankда (1,7 фоиз) ва Invest Finance Bankда (2,3 фоиз) қайд этилди.

Банкларнинг даромадлар ва харажатлар тўғрисидаги ҳисоботида кредитлар ва лизинг операциялари бўйича эҳтимолий зарарларни баҳолаш кўрсаткичи 2026 йил 1 октябрь ҳолатига 24,9 трлн сўмни ташкил этди. Бир йил аввал бу кўрсаткич 18,6 трлн сўм бўлган. Шу тариқа, у 34 фоизга ошган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.