Ўзбекистон

Мирзиёев ички ишлар органларининг 35 нафар ходимини мукофотлади

Мирзиёев ички ишлар органларининг 35 нафар ходимини мукофотлади
Мирзиёев ички ишлар органларининг 35 нафар ходимини мукофотлади / Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 23 октябрь куни ички ишлар органларининг 35 нафар ходимини орден ва медаллар билан мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Мукофотлар Ички ишлар вазирлиги ташкил этилганининг 35 йиллиги ва Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан топширилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.

Фармонга мувофиқ, ходимлар кўп йиллик самарали хизмати, мамлакатда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун тақдирланди.

Ҳужжатда, шунингдек, жиноятчиликка қарши самарали курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, хизмат бурчини бажаришда жасорат кўрсатиш ҳамда ёшлар тарбиясига ҳисса қўшиш борасидаги хизматлар ҳам эътироф этилган.

Сирдарё вилояти Ховос тумани ички ишлар бўлими профилактика катта инспектори Дилшод Маҳмадқулов «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланди. Ички ишлар вазирлигининг ўта муҳим ишлар бўйича тезкор вакили Тимур Намозов эса «Мардлик» орденига сазовор бўлди.

Навоий вилояти Ички ишлар бошқармасининг ўта муҳим ишлар бўйича тезкор вакили Нодира Есамуратова ҳамда Ички ишлар вазирлиги Рақамли инфратузилма ва ахборот хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Владимир Хен «Дўстлик» ордени билан мукофотланди. Ички ишлар вазирлигининг «Ўзбекистон» санаторийси кардиология бўлими бошлиғи Ирина Каримовага эса II даражали «Саломатлик» ордени топширилди.

Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси патруль-пост хизмати батальони бўлинма командири Боҳодир Зиятов ва Ички ишлар вазирлиги департаменти бошлиғи ўринбосари Тимур Камилов «Жасорат» медали билан тақдирланди. Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармасининг ўта муҳим ишлар бўйича тезкор вакили Ўткирбек Менгнаров ҳам ушбу медаль билан мукофотланди.

Яна 12 нафар ходим «Содиқ хизматлари учун» медали, уч нафар ходим «Соғлом турмуш» медали, 12 нафар ходим эса «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.

Мукофотланганлар орасида профилактика инспекторлари, йўл-патруль ва патруль-пост хизмати ходимлари, терговчилар, Тошкент шаҳри ҳамда мамлакат ҳудудларидаги туман ва вилоят бўлинмалари раҳбарлари, шунингдек, Ички ишлар вазирлиги академияси ва Қоровул қўшинлари вакиллари бор.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.