Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент халқаро аэропортида умумий дастлабки қиймати 1 млрд сўмдан ортиқ бўлган заргарлик буюмларини ноқонуний олиб киришга уриниш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда «Тошкент-АЭРО» ихтисослаштирилган божхона комплекси матбуот хизмати хабар берди.
Идора маълумотларига кўра, заргарлик буюмлари турли хорижий давлатлардан учиб келган йўловчиларнинг багажларидан ҳамда шахсий кўрик жараёнида аниқланган. Декларацияда кўрсатилмаган буюмларнинг умумий оғирлиги қарийб 691 граммни ташкил этган.
Олиб қўйилган заргарлик буюмларининг дастлабки қиймати 1 млрд 20 млн 600 минг сўмга баҳоланмоқда.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари олиб борилмоқда.