Ўзбекистон

Ҳисоб палатаси боғчалар харажатлари устидан онлайн назоратни жорий этди

Ҳисоб палатаси боғчалар харажатлари устидан онлайн назоратни жорий этди
Ҳисоб палатаси боғчалар харажатлари устидан онлайн назоратни жорий этди / Фото: Ўзбекистон Ҳисоб палатаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Ҳисоб палатаси мактабгача таълим ташкилотларини молиялаштиришни режалаштириш ва уларнинг харажатларини онлайн режимда назорат қилишга мўлжалланган ахборот тизимини тақдим этди.

Янги функциялар «Masofaviy audit» тизимига жорий қилинди. Улар ҳар бир мактабгача таълим ташкилотининг бюджет маблағларига бўлган эҳтиёжини аниқлаш, уни ажратилган молиялаштириш ҳажми билан таққослаш ва амалдаги харажатларни таҳлил қилиш имконини беради.

Тизим фаолияти учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, шунингдек, коммунал хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг ахборот ресурслари интеграция қилинди. Идоралар ва ташкилотлар ўртасида маълумот алмашинуви йўлга қўйилди.

Тизим мактабгача таълим ташкилотларининг молиявий эҳтиёжлари, уларга ажратилган маблағлар ва амалга оширилган харажатлар тўғрисидаги маълумотларни қайта ишлайди. Ушбу кўрсаткичларни ўзаро таққослаш молиялаштириш тақчиллиги ҳамда харажатларнинг асоссиз ошиши билан боғлиқ хавфларни ўз вақтида аниқлашга ёрдам бериши кутилмоқда.

Мазкур воситадан фойдаланиш алоҳида мактабгача таълим ташкилотларининг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда бюджет ресурсларини режалаштириш ва тақсимлаш аниқлигини оширишга ҳам хизмат қилади.

Тизим тақдимоти Ҳисоб палатасида бўлиб ўтди.

Тадбирда Президент Администрацияси раҳбарининг таълимни ислоҳ қилиш масалалари бўйича ўринбосари Обид Ҳакимов, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва фан вазири Эркинжон Турдимов, шунингдек, Ҳисоб палатаси раҳбарияти иштирок этди.

Иштирокчилар мактабгача таълимни молиялаштириш ва бюджет харажатлари самарадорлигини оширишда тизимдан фойдаланиш имкониятларини кўриб чиқди.

Вазирлик вакилларига янги функцияларни амалда синаб кўриш имконияти берилди. Синов натижаларига кўра, тизимни янада такомиллаштириш бўйича кейинги чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.