Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Германиядан Ўзбекистоннинг Навоий вилоятига симментал зотли 163 бош наслли сигир олиб келинди.
Карантиндан ўтказилганидан сўнг чорва молларини аҳолига савдо устамасисиз нархларда таклиф қилиш режалаштирилган. Бу ҳақда Agro – Star хабар берди.
Етказиб бериш ишлари Uzagrostar Holding таркибига кирувчи ихтисослашган Navoiy Agro – Star компанияси томонидан ташкил этилди. Ҳайвонлар Германиянинг Förster Livestock компаниясидан харид қилинган.
Симментал зотли қорамоллар гўшт-сут йўналишига мансуб бўлиб, юқори маҳсулдорлиги, чидамлилиги ва турли иқлим шароитларига мослаша олиши билан ажралиб туради.
Компания маълумотларига кўра, олиб келинган 163 бош сигирнинг барчаси бўғоз бўлиб, уларнинг бўғозлик муддати уч ойдан олти ойгача.
Ўзбекистонга етказилганидан сўнг ҳайвонлар махсус тайёрланган карантин майдончасига жойлаштирилди.
Бир ой давомида улар белгиланган талабларга мувофиқ зарур ветеринария кўрикларидан ўтказилади ва профилактик муолажалар амалга оширилади.
Хабарда наслли чорва молларининг аввалги етказиб берилиши ҳақида ҳам маълумот келтирилган. Жумладан, сентябрь ойида Австриянинг Schaap компаниясидан Ўзбекистонга симментал зотли 150 бош қорамол олиб келинган.
Уларнинг 93 боши аҳолига, қолган қисми эса фермер хўжаликларига берилган. Ҳайвонлар савдо устамасисиз сотилган.