Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил январь–сентябрь ойларида Наманган вилоятида бозор хизматлари ҳажми 49,6 триллион сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15 фоизга кўп.
Ҳудудда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш учун республика бюджетидан 232,7 миллиард сўм йўналтирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.
Амалга оширилган лойиҳалар натижасида вилоятда 385 дан ортиқ янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди, яна 295 дан зиёд амалдаги корхона ўз фаолиятини кенгайтирди. Яратилган янги иш ўринлари сони 1 950 тадан ошди.
Дастур доирасида ҳудудда учта соҳилбўйи ҳудуди, гавжум кўчаларнинг ўнта қисми, йўлбўйи ҳудудларининг олтитаси, бешта дам олиш боғи, шунингдек, еттита туристик ва бошқа лойиҳа фойдаланишга топширилди.
Асосий объектлардан бири Наманган шаҳридаги 24/7 режимида ишлайдиган кўча бўлди. Обихайот маҳалласи орқали ўтувчи Лутфий, У. Носир ва Банк кўчаларининг 2 километрлик қисми замонавий савдо ва хизмат кўрсатиш ҳудудига айлантирилди. Лойиҳа учун республика бюджетидан 4,9 миллиард сўм ажратилди.
Ҳудудда умумий узунлиги 8 километр бўлган пиёдалар йўлакларининг 20 минг квадрат метри реконструкция қилинди, 50 та ўриндиқ ўрнатилди, 3 километр суғориш тизими ётқизилди ва 5 километр новлар ўрнатилди. Истироҳат боғидаги кўл ҳам замонавий кўринишга келтирилди.
Кўчани ёритиш ва электр энергияси билан таъминлаш учун 400 та чироқ ўрнатилди, 3 километр электр тармоғи тортилди ва қуввати 400 кВА бўлган иккита трансформатор пункти монтаж қилинди. Бундан ташқари, чиқиндиларни тўплаш учун ёпиқ майдонча ташкил этилди.
Натижада янгиланган ҳудудда 30 та янги тадбиркорлик субъекти иш бошлади ва 120 дан ортиқ иш ўрни яратилди.
Бу ерда савдо дўконлари, умумий овқатланиш ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолият юритмоқда, дам олиш ва сайр қилиш ҳудудлари ташкил этилган. Кўчага бир кунда ташриф буюрувчилар сони 2,5 минг нафардан 4,6 минг нафаргача ошди.
2026 йил охирига қадар Наманган вилоятида хизмат кўрсатиш соҳаси инфратузилмасини кенгайтириш ишларини давом эттириш режалаштирилган. Режаларга кўра, саккизта соҳилбўйи ҳудуди, 19 та гавжум кўча, 12 та йўлбўйи ҳудуди, бешта дам олиш боғи, шунингдек, еттита туристик объект ва кўча ташкил этилади.
Ушбу лойиҳалар доирасида 450 дан ортиқ янги тадбиркорлик субъектини ташкил этиш ва 200 дан зиёд амалдаги корхона фаолиятини кенгайтириш кўзда тутилган. Режага мувофиқ, қарийб 2 100 та янги иш ўрни яратилади.