Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда Қозоғистоннинг Қарағанди шаҳридан келган Dostlik Cup 2026 халқаро футбол фестивалининг 17 нафар иштирокчиси заҳарланиш ҳолатидан сўнг шифохонага ётқизилди.
Ўзбекистондаги Қозоғистон элчихонаси маълум қилишича, жами 19 киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Ҳодиса ҳақидаги маълумот дипломатик ваколатхонага 1 ноябрь куни келиб тушган. Қозоғистон консулхонасининг ишонч телефонига мурожаат қилингач, консул Сакен Пердебеков зудлик билан шифохонага етиб борган ва жабрланганларга консуллик ёрдамини кўрсатмоқда.
Тошкент шаҳридаги 5-сон шаҳар клиник инфекция касалликлари шифохонасида 17 киши, жумладан, 11 нафар бола ва 6 нафар катта ёшли бемор даволанмоқда. Элчихона маълумотига кўра, жабрланганларнинг барчаси аҳволи барқарор, уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Қозоғистон элчиси тиббиёт муассасасига ташриф буюриб, беморларни даволаш жараёни билан танишди ва жабрланганларнинг ота-оналари билан учрашди.
Тиббий ёрдам кўрсатиш жараёни унинг шахсий назоратида.
Вазиятга Ўзбекистоннинг тегишли мутахассислари, жумладан, Тошкент тиббиёт университети профессорлари ва Санитария-эпидемиология хизмати вакиллари ҳам жалб этилган.
Масала Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Акмарал Алназарова ҳамда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Отабек Имомовнинг шахсий назоратида.
Dostlik Cup 2026 ташкилотчилари жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатмоқда. Қозоғистон элчихонаси вазиятни кузатишда давом этмоқда.
Дипломатик ваколатхона хабарида заҳарланиш сабаблари ва ҳолат тафсилотлари очиқланмаган.