Ўзбекистон

Фарғонада заҳарланиш гумони билан 28 нафар бола шифохонага ётқизилди

Фарғонада заҳарланиш гумони билан 28 нафар бола шифохонага ётқизилди
Фарғонада заҳарланиш гумони билан 28 нафар бола шифохонага ётқизилди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона шаҳридаги учта мактабгача таълим ташкилотининг 28 нафар тарбияланувчиси заҳарланиш гумони билан юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. Яна 23 нафар бола шифокорлар кўригидан ўтказилганидан сўнг амбулатор даволанишга юборилди. Бу ҳақда Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Тиббий ёрдам сўраб 2-, 7- ва 47-сонли боғчалар тарбияланувчиларининг вакиллари мурожаат қилган. Болаларда тана ҳароратининг кўтарилиши, қорин оғриғи, ҳолсизлик, кўнгил айниши ва ич кетиши каби аломатлар кузатилган.

26 октябрь соат 11:00 ҳолатига кўра, шифохонада 28 нафар бола қолган. Қўмита маълумотларига кўра, уларнинг аҳволи барқарор, оғир ҳолатлар қайд этилмаган. Яна 23 нафар боланинг аҳволи баҳоланиб, уларга тиббий тавсиялар берилган ва амбулатор даволаниш учун уйига жавоб берилган.

Дастлабки эпидемиологик текширув доирасида мутахассислар болалар кун давомида истеъмол қилган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомларни ўрганди, шунингдек, озиқ-овқат етказиб берувчиларни аниқлади.

Лаборатория текширувлари учун озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр таомлардан намуналар олинди. Эпидемиологик текширув ва бактериологик таҳлиллар давом этмоқда. Ҳодисанинг сабаблари ҳозирча аниқланмаган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.