Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда етиштирилган янги қовунларнинг навбатдаги партияси Евроосиё мамлакатлари бозорига жўнатилди. Экспорт етказиб бериш жараёнини BMB HOLDING таркибига кирувчи BMB-NRC AGROLOGISTICS корхонаси ташкил этди.
Жўнатишдан олдин маҳсулот сифат талабларини ҳисобга олган ҳолда сараланди ва қадоқланди. Партияни тайёрлашда қовунларнинг товар кўриниши ва истеъмол хусусиятларини сақлашга алоҳида эътибор қаратилди.
BMB HOLDING маълум қилишича, агросаноат соҳасида экспорт йўналишларини ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларини хорижий бозорларга олиб чиқиш ва логистика тизимини такомиллаштириш компаниянинг устувор вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.
BMB-NRC AGROLOGISTICS корхонаси қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беришни ташкил этади. Бунда ташиш шартларига риоя қилиниши ва маҳсулот сифати сақланишига эътибор қаратилади.
Евроосиё мамлакатларига амалга оширилган ушбу етказиб бериш компаниянинг экспорт йўналишини ривожлантиришдаги навбатдаги қадам бўлди. Шу билан бирга, партия ҳажми, унинг қиймати ва етказиб бериш муддатлари ҳақида маълумот берилмаган.