Иқтисод

Ўзбекистон халқаро солиққа тортиш соҳасида ИҲТТ билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

Ўзбекистон халқаро солиққа тортиш соҳасида ИҲТТ билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Ўзбекистон халқаро солиққа тортиш соҳасида ИҲТТ билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда / Фото: Ўзбекистон Солиқ қўмитаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Солиқ қўмитаси раиси Фаррух Пўлатов бошчилигидаги делегация Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) ҳамда G20 доирасидаги солиқ солинадиган базанинг емирилиши ва фойданинг бошқа юрисдикцияларга кўчирилишига қарши курашиш бўйича Инклюзив ҳамкорлик дастурининг 18-ялпи мажлисида иштирок этмоқда. Мажлис 2026 йил 28–30 октябрь кунлари Парижда бўлиб ўтмоқда.

Муҳокамалар марказида солиқ солинадиган базанинг емирилиши ва фойданинг бошқа юрисдикцияларга кўчирилишига қарши курашиш, глобал минимал солиқни жорий этиш, солиққа оид ахборотларни халқаро алмашишни такомиллаштириш, шунингдек, рақамли иқтисодиётни солиққа тортиш ва солиқ маъмурчилигида сунъий интеллектдан фойдаланишнинг янги ёндашувлари турибди.

Ўзбекистоннинг мазкур ташаббусда иштироки мамлакатнинг халқаро солиқ ҳамкорлигини ривожлантириш, шаффофликни ошириш ҳамда халқаро стандартлар ва илғор амалиётларни изчил жорий этишга интилаётганини акс эттиради.

ИҲТТ билан ҳамкорлик хорижий тажрибани ўрганиш, миллий қонунчиликни такомиллаштириш ва солиқ органларининг касбий салоҳиятини мустаҳкамлаш имконини беради.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон халқаро солиқ институтлари билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда. 2023 йилда мамлакат BEPS бўйича Инклюзив ҳамкорлик дастурига қўшилди ва унинг минимал стандартларини жорий этиш бўйича иш олиб бормоқда.

Шу билан бирга, трансферт нархларини белгилаш қоидалари ва солиқ низоларини ҳал этиш механизмлари такомиллаштирилмоқда.

2026 йил июль ойида Ўзбекистон Солиқ масалалари бўйича ўзаро маъмурий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги кўп томонлама конвенцияни ҳам имзолади. Ҳужжат халқаро ҳамкорликни, жумладан, солиққа оид ахборот алмашинувини кенгайтиришга қаратилган.

Халқаро стандартларга янада яқинлашиш миллий солиқ солинадиган базани ҳимоя қилиш, солиқ тўлашдан бўйин товлашга қарши самарали курашиш, бизнес учун тенг шароитлар яратиш ва халқаро инвесторлар ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, бу Ўзбекистонга халқаро солиқ кун тартибини шакллантиришда фаолроқ иштирок этиш ва глобал ечимларни ишлаб чиқишда миллий манфаатларни ҳисобга олиш имконини беради.

BEPS бўйича ялпи мажлисда иштирок этиш Ўзбекистоннинг халқаро солиқ ҳамкорлиги тизимига интеграциялашуви ва миллий солиқ маъмурчилигини халқаро тажрибалар асосида такомиллаштириш йўлидаги навбатдаги босқич бўлди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.