Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Германия товар айирбошлашни $2 млрдга етказмоқчи

Ўзбекистон ва Германия товар айирбошлашни $2 млрдга етказмоқчи
Ўзбекистон ва Германия товар айирбошлашни $2 млрдга етказмоқчи / Фото: Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Германия ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1,4 миллиард доллардан 2 миллиард долларга етказишни режалаштирмоқда. Бу масала Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида Германия элчиси Маттиас Фоллерт билан бўлиб ўтган учрашувда муҳокама қилинди.

Томонлар савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликни мустаҳкамлаш, саноат кооперациясини кенгайтириш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини кўриб чиқди. Германиянинг етакчи компаниялари билан ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда Германия капитали иштирокидаги 253 та корхона фаолият юритмоқда.

Учрашув иштирокчилари, шунингдек, Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси делегациясининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифини тайёрлаш масалаларини муҳокама қилди. Берлинда ўтказилиши режалаштирилган Савдо ва инвестициялар бўйича ҳукуматлараро ишчи гуруҳнинг 18-йиғилишини ташкил этиш ҳам кун тартибидан ўрин олди.

Музокаралар якунида томонлар амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва икки мамлакат ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини тасдиқлади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.