Ўзбекистон

Ўзбекистон БРИКС парламент форумида иштирок этди

Ўзбекистон БРИКС парламент форумида иштирок этди
Ўзбекистон БРИКС парламент форумида иштирок этди / Фото: Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон парламент делегацияси 26–27 октябрь кунлари Ҳиндистоннинг БРИКСдаги раислиги доирасида ўтказилган 12-парламент форумида иштирок этди.

Форум иштирокчилари инсон манфаатларига йўналтирилган тараққиёт, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар имкониятларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати хабар берди.

Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Қозихонова «Инновациялар: парламентлар салоҳияти орқали сунъий интеллект ва рақамли технологиялар соҳасида инсон манфаатларига йўналтирилган инновацияларни илгари суриш» мавзусидаги панель сессиясида маъруза қилди. У Ўзбекистоннинг сунъий интеллект ва рақамли технологияларни ривожлантириш, уларни инсон манфаатларига йўналтириш ҳамда бу жараёнда парламентнинг ролини кучайтириш борасидаги тажрибаси ҳақида сўз юритди.

Форум доирасида делегация аъзолари Ҳиндистон парламенти қуйи палатаси — Лок Сабҳа спикери Ом Бирла ва Ўзбекистон билан парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи раҳбари Ганеш Сингх билан учрашди.

Томонлар Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш ҳамда эришилган келишувларни амалда бажариш масалаларини муҳокама қилди.

Парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари фаолиятини тизимли ташкил этиш, мунтазам учрашувлар ўтказиш, парламент делегацияларининг ўзаро ташрифларини йўлга қўйиш ва тажриба алмашинувини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, савдо-иқтисодий, таълим, илм-фан ва маданият соҳаларидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида урғу берилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.