Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда Россиянинг Савдо ваколатхонаси ҳузурида Россия Фанлар академияси (РФА) ваколатхонасини очиш режалаштирилмоқда.
Бу ҳақда Россиянинг Ўзбекистондаги савдо вакили Константин Злыгостевнинг Россия Фанлар академияси вице-президенти, академик Владислав Панченко билан учрашуви якунлари бўйича Савдо ваколатхонаси матбуот хизмати маълум қилди.
Россия Фанлар академиясининг савдо ваколатхоналари ҳузуридаги ваколатхоналарини очиш тўғрисидаги қарор саккизта мамлакатга нисбатан қабул қилинган. Улар Беларусь, Бразилия, Вьетнам, Ҳиндистон, Хитой, Монголия, Ўзбекистон ва Эфиопиядир.
Маълумотда таъкидланишича, янги тизим илмий-экспертлик ҳамкорлигини ривожлантириш ва қўшма тадқиқотлар ўтказишга кўмаклашиши керак.
Шунингдек, Тошкентда Ўзбекистон Фанлар академияси майдонида «Табиий хавфларни баҳолаш ва иқлим ўзгаришига мослашиш учун тизимли таҳлил» мавзусида халқаро конференция ўз ишини бошлади.
Тадбир Россия Фанлар академияси, Ўзбекистон Фанлар академияси ва Амалий тизимли таҳлил халқаро институти ҳамкорлигида ташкил этилган.