Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов мамлакатдаги БМТ Тараққиёт дастурининг (БМТТД) доимий вакили Акико Фудзии билан музокара ўтказди. Томонлар инвестиция ва савдо-иқтисодий соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.
Учрашувда инвестиция муҳитини такомиллаштириш, ташқи савдо ва экспортни ривожлантириш, шунингдек, қўшма ташаббусларни илгари суриш масалалари асосий мавзулардан бўлди.
Иштирокчилар грант маблағларини жалб қилиш, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ), шунингдек, халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик қилиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратди.
Музокаралар кун тартибидан Aid for Trade дастурининг янги босқичини амалга ошириш, яшил молиялаштиришни ривожлантириш ва хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам ўрин олди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистоннинг барқарор ва инклюзив иқтисодий ривожланишига қаратилган шерикликни янада мустаҳкамлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор эканини тасдиқлади.