Ўзбекистон

Ўзбекистон Австралияда фуқароларни ишга жойлаштириш бўйича музокараларни бошлади

Ўзбекистон Австралияда фуқароларни ишга жойлаштириш бўйича музокараларни бошлади
Ўзбекистон Австралияда фуқароларни ишга жойлаштириш бўйича музокараларни бошлади / Фото: Видеодан олинган кадр.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —  Ўзбекистон Австралиянинг Шимолий ҳудуди вакиллари билан ўзбекистонлик фуқароларни Австралия меҳнат бозорида ишга жойлаштириш имкониятлари бўйича амалий музокараларни бошлади. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Видеоконференция Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ташаббуси билан мамлакатнинг Сингапурдаги элчихонаси кўмагида ўтказилди.

Томонлар Австралияда малакали кадрларга, жумладан, нефт-газ саноати мутахассисларига бўлган эҳтиёжни муҳокама қилди.

Шунингдек, Ўзбекистон фуқароларини уюшган ва қонуний асосда ишга жойлаштириш механизмларига алоҳида эътибор қаратилди.

Иштирокчилар халқаро талабларни ҳисобга олган ҳолда ўзбекистонлик мутахассисларни касбий ва тил бўйича тайёрлаш масалаларини, шунингдек, амалий ҳамкорлик истиқболларини кўриб чиқди.

«Дунё» ахборот агентлиги маълумотларига кўра, музокаралар узоқ давом этган дипломатик ишларнинг натижаси бўлди. Уларнинг ўтказилиши Австралия йўналиши ҳисобига Ўзбекистондан меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш имкониятини очади.

Айни пайтда хабарда ишга жойлаштириш бўйича аниқ келишувлар, иш ўринлари сони ва ташаббусни амалга ошириш муддатлари келтирилмаган.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.