Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 20 ноябрь куни Тошкент шаҳрида тадбиркорлар учун корхоналарнинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш вадавлат молиявий кўмагини олиш механизмларига бағишланган ахборот семинари бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги «Яшил иқтисодиёт лойиҳалари маркази» лойиҳа офиси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Энергия самарадорлиги миллий агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Учрашувнинг асосий мақсади кичик ва ўрта бизнес вакилларини энергия истеъмолини камайтириш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнлари самарадорлигини оширишга қаратилган амалдаги давлат қўллаб-қувватлаш дастурлари, субсидиялар ва молиявий воситалар ҳақида хабардор қилишдан иборат бўлди.
Семинар давомида Энергия самарадорлиги миллий агентлигининг иқтисодиёт тармоқларида энергия самарадорлигини ошириш имкониятларини таҳлил қилиш ҳамда лойиҳалар ва таклифларни амалга оширишни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Саидмурод Тулашов саноат корхоналари учун амалдаги молиявий рағбатлантириш чоралари ҳақида маълумот берди.
Хусусан, тадбиркорлар энергоаудит ўтказиш харажатларининг 50 фоизини қоплаш учун компенсация олишлари мумкин. Бунда компенсация миқдори 100 миллион сўмдан ошмаслиги керак.
Бундан ташқари, энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирларини амалга ошириш учун олинган кредитлар фоиз ставкасининг 10 фоиз бандини компенсация қилиш назарда тутилган. Бундай кредитлар миқдори 2 миллиард сўмгача, муддати эса уч йилгача бўлиши мумкин.
Ушбу чоралар иқтисодий фаолият турлари классификатори бўйича B, C ва D тоифаларига кирувчи корхоналарга татбиқ этилади.
Қуёш электр станцияларини ўрнатишда енгил саноат корхоналарини қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 2026 йил 12 августдаги 438-сонли Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ, ушбу мақсадлар учун 50 миллион доллар ажратиш кўзда тутилган.
Корхоналар тўрт йилгача муддатга йиллик 6 фоиз ставкада имтиёзли кредитлардан фойдаланишлари мумкин. Ушбу чора электр энергияси харажатларини камайтириш ва саноатда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шунингдек, иштирокчиларга иссиқхона хўжаликларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилди. Улар энергия тежовчи ускуналар, жумладан, иссиқлик насослари, калориферлар ва бойлерларни харид қилиш ҳамда ўрнатиш харажатларининг 20 фоизини субсидиялашни назарда тутади.
Семинар доирасида тадбиркорларга давлат субсидияларини расмийлаштириш учун мўлжалланган subsidiya.mf.uz рақамли платформасининг имкониятлари ҳам намойиш этилди.
Платформа электрон аризаларни топшириш, ҳужжатларни текшириш, ускуналар етказиб берувчиларни танлаш ва бажарилган ишларни тасдиқлаш имконини беради. Зарур тартиб-таомиллардан ўтилганидан сўнг субсидия маблағлари бевосита етказиб берувчининг банк ҳисобварағига ўтказилади.
Тадбир якунида савол-жавоб сессияси бўлиб ўтди. Унда тадбиркорларга давлат дастурларида иштирок этиш шартлари, субсидияларни расмийлаштириш тартиби ва энергия самарадорлигини ошириш лойиҳаларини молиялаштириш имкониятлари бўйича тушунтиришлар берилди.
Учрашув якунлари бўйича бизнес вакилларини амалдаги давлат кўмаги чоралари ҳақида янада кенгроқ хабардор қилиш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш кўламини кенгайтириш ҳамда давлат идоралари, молия институтлари ва тадбиркорлик ҳамжамияти ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.