Ўзбекистон

Қирғизистондаги ёнғинда икки нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди

Қирғизистондаги ёнғинда икки нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди
Қирғизистондаги ёнғинда икки нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди / Фото: Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидаги Манас шаҳрида қурилаётган ресторан биносида содир бўлган ёнғин оқибатида Ўзбекистоннинг икки нафар фуқароси ҳалок бўлди. Яна бир ўзбекистонлик оғир жароҳат олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Омонулла Файзиев маълум қилди.

Ёнғин 22 ноябрь куни кечқурун қурилиш ишлари олиб борилаётган икки қаватли бинода содир бўлган. Ҳалок бўлганлар 1986 ва 1988 йилларда туғилган И. А. ҳамда Б. Б. исмли Ўзбекистон фуқаролари бўлиб, улар мазкур объект қурилишида ишлаган.

Дастлабки маълумотларга кўра, уларнинг ўлимига тутундан заҳарланиш сабаб бўлган бўлиши мумкин.

1999 йилда туғилган яна бир Ўзбекистон фуқароси А. А. вилоят клиник шифохонасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Унинг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда.

Ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ва ҳолатларини Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари аниқламоқда.

Вазият Ўзбекистоннинг Ўш шаҳридаги Бош консулхонаси назоратида. Дипломатик ваколатхона ҳалок бўлганлар ва жабрланган фуқаронинг яқинлари билан алоқа ўрнатган.

Айни пайтда ҳалок бўлганларнинг жасадларини Ўзбекистонга олиб келиш чоралари кўрилмоқда.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.