Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — МДҲ давлатлари адлия вазирликлари қонунчилик, ҳуқуқий ахборот ва аҳолига юридик ёрдам кўрсатиш соҳаларида ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолади. Бу ҳақда Ўзбекистон Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ҳужжат Ереван шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ Адлия вазирлари кенгашининг 20-йиғилиши якунлари бўйича имзоланди. Тадбирда Ўзбекистон адлия вазири Акбар Тошқулов иштирок этди.
МДҲ ташкил этилганининг 35 йиллигига бағишланган юбилей йиғилишида Арманистон, Беларусь, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон адлия вазирлари, Қирғизистон адлия вазирининг биринчи ўринбосари, МДҲ Ижроия қўмитаси вакиллари, шунингдек, нотариат ва адвокатура соҳасидаги таянч ташкилотлар раҳбарлари қатнашди.
Иштирокчилар Арманистоннинг 2026 йилда Кенгашга раислиги якунларини, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларининг Методик кенгашини ташкил этиш, шунингдек, адлия органлари фаолиятини рақамлаштириш масалаларини кўриб чиқди.
Акбар Тошқулов ўз нутқида Ўзбекистонда адлия соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, электрон ҳуқуқий хизматларни ривожлантириш ва сунъий интеллектни жорий этиш тажрибаси ҳақида маълумот берди.
Бундан ташқари, вазир иштирокчиларни МДҲ давлатлари адлия вазирликлари ўртасида ягона электрон ахборот алмашинуви тизими концепцияси устида олиб борилаётган ишлар билан таништирди. Мазкур ишлар Ўзбекистон Адлия вазирлиги ташаббуси билан ишлаб чиқилган тегишли «Йўл харитаси» доирасида амалга оширилмоқда.
Йиғилиш якунлари бўйича Кенгаш эмблемаси ва МДҲга аъзо давлатларда Ҳуқуқий маърифат йили деб эълон қилинган 2027 йилнинг рамзлари тасдиқланди. Шунингдек, Кенгашнинг 2027 йилга мўлжалланган тадбирлар режаси қабул қилинди. Унга келгуси йил май ойида Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган Tashkent Law Spring халқаро юридик форуми ҳам киритилди.
Имзоланган битим қонун ижодкорлиги фаолияти, ҳуқуқий ахборот алмашинуви, аҳолига юридик ёрдам кўрсатиш, кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришни назарда тутади.