Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда бош режалар, мастер-режалар ва ҳудудларни ривожлантиришга оид бошқа ҳужжатлар мониторингини ўтказиш тартиби тасдиқланди. Низом Адлия вазирлиги томонидан 5 ноябрь куни рўйхатдан ўтказилди ва 2027 йил 1 январдан кучга киради.
Мониторингни Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамкорликда амалга оширади.
Жараён доирасида қурилиш зичлиги, биноларнинг қаватлилиги, ер участкаларидан фойдаланиш, йўл ва транспорт инфратузилмасининг ривожланиши, шунингдек, муҳандислик тармоқларининг ҳолати таҳлил қилинади. Мактаблар, болалар боғчалари, шифохоналар ва бошқа ижтимоий объектларни жойлаштириш режаларининг шаҳарсозлик ҳужжатларига мувофиқлигига алоҳида эътибор қаратилади.
Бундан ташқари, мутахассислар яшил ҳудудларнинг сақланиши, экологик талабларга риоя этилиши, шунингдек, ер участкаларини ажратиш ва уларни электрон аукционларга чиқариш тўғрисидаги қарорларнинг шаҳарсозлик ҳужжатларига мувофиқлигини баҳолайди.
Агломерацияларда ҳудудлар ўртасидаги транспорт ва муҳандислик алоқалари, ижтимоий ҳамда транспорт юкламасининг тақсимланиши, шунингдек, шаҳар ва унга туташ ҳудудларни ривожлантириш ишларининг ўзаро мувофиқлиги қўшимча равишда ўрганилади.
Мониторинг ўтказиш учун Миллий қўмита ва Қурилиш вазирлиги давлат органлари ҳамда ташкилотлардан сўралган барча маълумотларни олганидан кейин 20 иш куни ажратилади. Зарур ҳолларда жойига чиқиб ўрганиш ёки идоралараро таҳлил ўтказиш учун ушбу муддат иштирокчиларни хабардор қилган ҳолда кўпи билан 10 иш кунига узайтирилиши мумкин.
Мониторингга маҳаллий ҳокимликлар, лойиҳа, илмий ва эксперт ташкилотлари, транспорт корхоналари ҳамда жамоатчилик назорати вакиллари ҳам жалб қилиниши мумкин. Иш якунида идоралар жамоатчилик муҳокамасини ташкил этиш ҳуқуқига эга.
Шаҳарсозлик ҳужжатларини амалга оширишда муаммолар аниқланган тақдирда, уларни бартараф этиш бўйича ваколатли органларга таклифлар юборилади. Ўзбошимчалик билан қурилиш амалга оширилгани аломатлари аниқланса, тегишли материаллар назорат органларига тақдим этилади.
Бунда мониторинг, жумладан, жойига чиқиб ўрганиш тадбирлари тадбиркорлик фаолиятини текшириш ҳисобланмайди.
Ушбу тартибдан бизнес фаолиятига аралашиш мақсадида фойдаланиш тақиқланади.