Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда электротехника ва энергетика ускуналарини ишлаб чиқаришга ихтисослашган, қиймати 42 миллион доллар бўлган завод қуриш режалаштирилмоқда. INNOVATION TECHNOLOGIES лойиҳаси «Янги Авлод» махсус саноат зонасида амалга оширилади.
Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг RS Capital Engineering компаниясининг Россия ва Марказий Осиё бўйича директори Фредерик Фалькенберг билан ўтказган музокаралари якунлари бўйича маълум қилинди.
Лойиҳанинг биринчи босқичи 42 миллион долларга баҳоланмоқда. Ушбу маблағнинг 29,4 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳиссасига тўғри келади. Ишлаб чиқариш лойиҳаларини кейинчалик кенгайтириш салоҳияти 200 миллион доллардан ошади.
Корхонани 29,2 гектар майдонда жойлаштириш режалаштирилган. Унда трансформаторлар, генераторлар, электр двигателлари, насослар, подстанциялар ва тақсимлаш қурилмалари каби 180 дан ортиқ турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш кўзда тутилган.
Дастлабки босқичда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражаси 45 фоизни ташкил этади. Лойиҳа доирасида 650 та иш ўрни яратиш ва Америка стандартлари асосида мутахассислар тайёрлаш режалаштирилган. Йиллик солиқ тушумлари тахминан 165 миллиард сўмни ташкил этиши кутилмоқда.
Ишлаб чиқариш мажмуаси лазерли кесиш, роботлаштирилган пайвандлаш ва сонли дастурий бошқарувга эга дастгоҳларда деталларга ишлов бериш ускуналари билан жиҳозланади. Шунингдек, синов лабораториясини ташкил этиш, йирик поковкалар ва мураккаб металл конструкциялар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш назарда тутилган.
Алоҳида йўналиш сифатида мисдан юқори технологик маҳсулотлар ҳамда маълумотлар марказлари учун ускуналар ишлаб чиқариш белгиланган. Хусусан, трансформаторлар, рақамли подстанциялар, генераторлар ва совитиш тизимлари учун насослар ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.
Музокараларда Америка муҳандислик ечимлари ва Тошкентда ишлаб чиқариладиган ускуналардан фойдаланган ҳолда қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.
Компания Калифорнияда суғориш каналлари устига қуёш панелларини ўрнатиш бўйича тўпланган тажрибани тақдим этди. Томонлар Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида пилот лойиҳани амалга ошириш имкониятини кўриб чиқишни таклиф этдилар.
Ушбу технология қўшимча ер майдонларини ажратмасдан электр энергияси ишлаб чиқариш ва бир вақтнинг ўзида сувнинг буғланишини камайтириш имконини беради.
Дастлаб янги корхона маҳсулотларини Марказий Осиё мамлакатлари ва МДҲ давлатларига етказиб бериш режалаштирилган. Кейинчалик АҚШ бозорига чиқиш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда. Маҳсулот турлари ва ишлаб чиқариш ҳажмлари муайян буюртмалардан келиб чиқиб шакллантирилади, компания эса маҳсулотларни истеъмолчиларга етказиб беришни ташкил этади.
Лойиҳа устидаги ишлар июнь ойида Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида бошланган. Ҳозирги вақтга қадар уни амалга ошириш учун 10 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратилган, ускуналар эса аллақачон Тошкентга етказилган.
Ишлаб чиқаришнинг биринчи босқичини 2027 йил охирида ишга тушириш режалаштирилган.
Лойиҳа мисни қайта ишлаш чуқурлигини ошириш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва энергетика ускуналари импортига қарамликни камайтириш имконини бериши кутилмоқда.