Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳридаги жазони ижро этиш колониясидан туриб, гиёҳвандлик воситаларини интернет орқали сотишни ташкил этган гуруҳнинг тўққиз нафар аъзоси судланди. Бу ҳақда Milliy телеканалининг Millar дастури хабар берди.
Репортаж маълумотларига кўра, маҳкумга мобил телефонни колония бошлиғининг биринчи ўринбосари берган. Ушбу қурилмани қўлга киритган маҳкум интернет орқали гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланувчи онлайн дўкон ташкил этган.
Харидорларга тақиқланган моддаларни етказиб бериш билан озодликда бўлган шериклари шуғулланган. Тезкор тадбирлар давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар жиноий гуруҳга алоқадорликда гумон қилинган тўққиз нафар шахсни қўлга олган.
Жиноят иши Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида кўриб чиқилди. Гуруҳ раҳбари Ўзбекистон Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисмида назарда тутилган, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни ўтказиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатларни содир этиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш жиноятида айбдор деб топилди.
Суд унга 14 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Жиноят кодексининг 60-моддаси асосида аввалги ҳукм бўйича ўталмай қолган жазонинг бир қисмини янги жазога қисман қўшиш натижасида якуний жазо муддати 14 йилу бир ойни ташкил этди.
Бундан ташқари, Жиноят кодексининг 34-моддасига мувофиқ, у ўта хавфли рецидивист деб топилди. У жазони махсус режимли колонияда ўтайди.
Гуруҳ таркибида бўлган яна олти нафар эркак 10 йилдан 14 йилгача озодликдан маҳрум этилди.
Икки нафар аёл ҳам жиноий гуруҳ иштирокчилари деб топилди. Уларнинг бири аввал ҳам, 2024 йилда жиноий жавобгарликка тортилган ва судланган эди. Аввалги жазонинг ўталмай қолган қисмини янги жазога қисман қўшиш натижасида унга тайинланган якуний жазо муддати саккиз йилу олти ойни ташкил этди.
Озодликдан маҳрум қилиш жазосидан ташқари, суд унга жазони ўташ жойида гиёҳвандликка қарамликдан мажбурий даволаниш чорасини ҳам тайинлади.
Иккинчи аёл эса етти йил озодликдан маҳрум қилинди.