7
Ўзбекистон

Ўзбекистон Дакардаги Олимпиадада бокс бўйича икки олтин олди

Ўзбекистон Дакардаги Олимпиадада бокс бўйича икки олтин олди
Ўзбекистон Дакардаги Олимпиадада бокс бўйича икки олтин олди / Фото: Ўзбекистон Бокс федерацияси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон бокс бўйича терма жамоаси Дакарда ўтказилаётган ўсмирлар Олимпия ўйинларида икки олтин медални қўлга киритди. Мусобақада мамлакат шарафини уч нафар спортчи ҳимоя қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон бокс федерацияси хабар берди.

Мусобақада ўғил болалар ўртасида 65 кг вазн тоифасида Иброҳим Шокиржонов, қизлар ўртасида эса 54 кг вазн тоифасида Сабрина Чакомонова ва 60 кг вазн тоифасида Рушанабону Исоева иштирок этди.

Иккала спортчи қиз ҳам финал баҳсларида ғалаба қозониб, Олимпия чемпионига айланди. Федерация таъкидлашича, уларнинг ғалабаси Ўзбекистон тарихида қизлар бокси бўйича ўсмирлар Олимпия ўйинларида қўлга киритилган илк олтин медаллар бўлди.

Шу тариқа, мусобақада атиги уч нафар боксчи билан иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси икки олтин медални қўлга киритди. Федерация маълумотларига кўра, умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон терма жамоаси Ҳиндистон билан биринчи ўринни бўлишди.

Қизлар терма жамоасига бош мураббий Тимур Ахбаев раҳбарлик қилди. Федерация, шунингдек, мураббийлар штаби фаолияти ва ёш спортчиларнинг мусобақага тайёргарлигини алоҳида эътироф этди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.