Иқтисод

Limak ва HBK «Янги Бухоро» аэропорти бўйича битимни муҳокама қилади

Limak ва HBK «Янги Бухоро» аэропорти бўйича битимни муҳокама қилади
Limak ва HBK «Янги Бухоро» аэропорти бўйича битимни муҳокама қилади / Фото: Uzbekistan Airports.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрида халқаро «Янги Бухоро» аэропортини қуриш ва бошқариш бўйича халқаро тендер ғолиби бўлган консорциумнинг етакчи компанияси — Туркиянинг Limak компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports хабар берди.

Учрашувда Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ва Uzbekistan Airports бошқаруви раиси Жавлонбек Умархўжаев иштирок этди.

Музокаралар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия вице-президенти Жевдет Йилмаз иштирокида ўтказилган Ўзбекистон — Туркия бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича олий даражадаги кенгашининг биринчи йиғилиши доирасида бўлиб ўтди.

Limak делегацияси таркибидан компания акциядори Серхан Бачаксиз, раис ўринбосари Месут Серхат, минтақавий менежер Ҳамди Гюнеш, бошқарув аъзоси Ҳакан Ўзтюрк, тижорат менежери Меҳмет Четин ва молия менежери Квангён Жонг ўрин олди.

Томонлар давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида лойиҳани амалга ошириш бўйича кейинги қадамларни муҳокама қилдилар.

Limak вакиллари лойиҳани амалга оширишни жадаллаштиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар.

Иштирокчилар ДХШ тўғрисидаги битим бўйича музокараларга тайёргарлик масаласига алоҳида эътибор қаратдилар. Томонлар музокаралар ўтказиш ва ҳужжатни қисқа муддатларда имзолашга келишиб олдилар, шунингдек, тегишли ишчи гуруҳларнинг кейинги фаолият тартибини мувофиқлаштирдилар.

Limak вакиллари лойиҳанинг ўз вақтида амалга оширилиши Бухоронинг туристик йўналиш сифатида ривожланиши ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш учун муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидладилар. Компания, шунингдек, лойиҳанинг барча босқичларида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Халқаро тендер натижаларига кўра, Limak–HBK консорциуми «Янги Бухоро» халқаро аэропортини қуриш ва бошқариш лойиҳаси ғолиби деб эълон қилинган эди.

Лойиҳа янги аэропорт ва соатига 1 200 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга йўловчи терминалини қуришни назарда тутади. Шунингдек, аэропорт олди майдони, автотураргоҳ, махсус техника учун майдонча ва ёрдамчи инфратузилмани барпо этиш режалаштирилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.