Иқтисод

Ўзбекистон ва Жанубий Корея авиация соҳаси учун мутахассислар тайёрлайди

Ўзбекистон ва Жанубий Корея авиация соҳаси учун мутахассислар тайёрлайди
Ўзбекистон ва Жанубий Корея авиация соҳаси учун мутахассислар тайёрлайди / Фото: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ва Жанубий Кореянинг Хансео университети авиация соҳаси ҳамда учувчисиз технологиялар йўналишлари учун ўзбекистонлик мутахассисларни тайёрлашни назарда тутувчи ўзаро англашув меморандумини имзолади.

Томонлар Ўзбекистонда касбий таълим дастурларини йўлга қўйиш ва ўқишни Жанубий Кореяда давом эттириш имкониятини яратишни режалаштирмоқда. Таълим дастурлари ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш, учувчисиз қурилмалар технологиялари, сунъий интеллект, дастурий таъминот ишлаб чиқиш ҳамда логистика йўналишларини қамраб олади.

Касбий фанлардан ташқари, дастур иштирокчилари корейс тили ва меҳнат хавфсизлиги қоидаларини ҳам ўрганадилар.

Миграция агентлиги фуқароларни таълим олиш имкониятлари ҳақида хабардор қилиш, ариза топшириш тартибини тушунтириш ҳамда икки мамлакатнинг тегишли ташкилотлари билан ҳамкорликни мувофиқлаштириш вазифаларини бажаради.

Хансео университети эса ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, малакали ўқитувчиларни жалб этиш ва машғулотларни зарур ускуналар билан таъминлашни ўз зиммасига олади.

Ўқишни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларни университет ҳамкор корхона ва ташкилотларга ишга жойлаштиришга кўмаклашишни режалаштирмоқда.

Ҳамкорлик Ўзбекистон фуқароларини истиқболли соҳаларда ишлашга тайёрлаш ва олган мутахассислигига мувофиқ хорижда ишга жойлашиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Шу билан бирга, тақдим этилган хабарда таълим дастурларини қачон бошлаш ва номзодларни саралаш шартлари аниқлаштирилмаган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.