Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Адлия вазирлиги делегацияси Дубайда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва шаҳар инфратузилмасини бошқаришда интеллектуал технологиялардан фойдаланиш тажрибасини ўрганди. Ташриф якунлари бўйича Тошкентда пилот лойиҳани ишга тушириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.
Ишчи гуруҳ 3–6 ноябрь кунлари Бирлашган Араб Амирликларида бўлди. Унга Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази директори Б. Юсупов раҳбарлик қилди.
Сафар давомида ўзбекистонлик мутахассислар жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш учун рақамли ечимлардан фойдаланишни назарда тутувчи Smart Police концепцияси, шунингдек, Дубайнинг интеллектуал бошқарув тизими билан танишдилар.
Хусусан, делегация ходимларнинг бевосита иштирокисиз фуқароларга кеча-ю кундуз хизмат кўрсатадиган Dubai Smart Police Station (SPS) станцияларига ташриф буюрди. Шунингдек, жамоат хавфсизлигини бошқаришнинг марказлаштирилган тизими — Command and Control Center фаолияти тамойиллари ўрганилди.
Бундан ташқари, ташриф иштирокчиларига шаҳар инфратузилмасини бошқаришда қўлланиладиган Smart City ечимлари, жумладан, сунъий интеллект, биометрик идентификация, видеоанализ ва киберхавфсизлик технологиялари тақдим этилди.
Сафар Президентнинг ПҚ-1-сон қарори ижроси доирасида ташкил этилган. У Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида замонавий маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканини ташкил этиш имкониятларини ўрганишга қаратилган.
Олинган тажриба асосида «Хавфсиз шаҳар» концепцияси доирасида пилот лойиҳани амалга ошириш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. Улар қаторига техник топшириқ, йўл харитаси ва Ўзбекистонда замонавий рақамли ечимларни жорий этиш бўйича таклифларни тайёрлаш киради.
Тақдим этилган хабарда пилот лойиҳага айнан қайси технологиялар киритилиши ва уни амалга ошириш қачон бошланиши режалаштирилаётгани аниқлаштирилмаган.