Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Иордания Бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар ва хориждаги иорданияликлар ишлари вазири Айман Сафадий билан телефон орқали мулоқот қилди. Томонлар Иорданиянинг Қарак вилоятида содир этилган террорчилик ҳужуми, Яқин Шарқдаги вазият ва икки томонлама муносабатларни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири хабар берди.
Суҳбат давомида Ўзбекистон томони Қаракдаги террорчилик ҳужумини яна бир бор қатъий қоралади. Бахтиёр Саидов ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига, шунингдек, Иордания халқига ҳамдардлик билдирди ҳамда жабрланганларга тезроқ соғайиб кетишларини тилади.
Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Яқин Шарқдаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Улар мавжуд муаммоларни сиёсий ва дипломатик воситалар орқали ҳал этиш, шунингдек, минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш муҳимлигини таъкидладилар.
Томонлар икки томонлама ҳамкорлик кун тартибига ҳам алоҳида эътибор қаратдилар. Жумладан, бўлажак тадбирларга тайёргарлик кўриш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва туризмни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Бахтиёр Саидов ва Айман Сафадий дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг янги имкониятларини ҳам кўриб чиқдилар. Телефон мулоқоти якунлари бўйича муайян келишувлар ҳақида батафсил маълумот берилмаган.