Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Тошкент метрополитени» АЖ «Пахтакор» метро бекатида йўловчилар тирбандлигини тиғиз вақтда иккита поезднинг бир вақтда келиб қолиши билан изоҳлади. Ҳодиса 20 октябрь куни тахминан соат 17:43 да содир бўлган.
Метрополитен маълумотига кўра, йўловчилар оқимининг кўпайиши вақтинчалик хусусиятга эга бўлган. Корхонада таъкидланишича, бундай ҳолатлар бекатларда йўловчилар кўп бўлган вақтларда юзага келади ва одатда бир неча дақиқа ичида йўловчилар ҳаракати меъёрлашади.
Тошкент метросида кунлик йўловчилар оқими 1,2 миллион кишидан ошишини ҳисобга олган ҳолда, корхона одамлар тўпланиб қолишини камайтириш ва сафарлар қулайлигини ошириш мақсадида поездлар ҳаракати орасидаги интервалларни қисқартириш чораларини кўрмоқда.
Режага кўра, поездлар ҳаракати орасидаги интерваллар Қатортол йўналишида 1,5–2 дақиқагача, Ўзбекистон йўналишида 3 дақиқагача, Юнусобод йўналишида 4 дақиқагача, Ер усти ҳалқа йўналишида эса 7–8 дақиқагача бўлиши белгиланган.
Метрополитен йўловчилар оқимини тартибга солиш, поездларнинг барқарор ҳаракатини таъминлаш, шунингдек, ташиш хавфсизлиги ва қулайлигини ошириш бўйича ишлар давом этаётганини маълум қилди.