Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги қонунга ҳарбий хизматни ўташ тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.
Ҳужжат ҳарбий хизматнинг нуфузини ошириш, малакали кадрлар тайёрлаш ва уларнинг касбий салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш учун шароит яратишга қаратилган.
Қонун лойиҳасида Ўзбекистондаги ва хорижий ҳарбий олий таълим муассасаларининг учувчилар тайёрлашга ихтисослашган йўналишларини тамомлаган битирувчилар билан янги контрактлар тузишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаш назарда тутилган.
Таклиф этилаётган яна бир чора республика миқёсидаги китобхонлик танловида юқори натижаларга эришган чақирилувчиларга тааллуқли.
Уларга муддатли ҳарбий хизмат даврини бир ойга қисқартириш таклиф этилмоқда. Ташаббус муаллифларининг фикрича, бу чора ҳарбий хизматчилар ўртасида китобхонликни оммалаштириш, уларнинг маънавий ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилади.
Янги нормалар ҳарбий учувчиларнинг малакаси ва тажрибасидан ҳарбий авиацияни янада ривожлантириш, шунингдек, Қуролли Кучларнинг касбий салоҳиятини мустаҳкамлаш учун самаралироқ фойдаланиш имконини бериши кутилмоқда.