Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Қатар эндокринология соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Ўзбекистон ва Қатар эндокринология соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ўзбекистон ва Қатар эндокринология соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 15 октябрь куни Тошкентда Қатарнинг Sidra Medicine тиббиёт маркази профессори Холид Ҳуссейн иштирокида Ўзбекистон эндокринологларининг IV халқаро конгресси — «Тўрақулов ўқишлари — 2026» бўлиб ўтади. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Конгресс «Чегара билмас эндокринология — илм-фан, инновациялар ва клиник амалиёт» шиори остида ўтказилади.

Тадбир иштирокчилари эндокринологиянинг долзарб масалалари ва халқаро касбий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қиладилар.

Sidra Medicine марказининг болалар эндокринологияси мутахассиси ҳамда Weill Cornell Medicine — Qatar педиатрия профессори Холид Ҳуссейн болалардаги моноген касалликларни ташхислашда генетик диагностика ва мақсадли терапияни қўллаш мавзусида маъруза қилади.

Маърузада ирсий касалликларнинг генетик сабабларини аниқлаш усуллари ва беморларнинг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда даволаш усулларини танлаш имкониятлари кўриб чиқилади.

Қатарлик мутахассиснинг конгрессда иштирок этиши клиник тажриба алмашишга кўмаклашиш ҳамда академик Ё. Ҳ. Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази билан Sidra Medicine ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.