Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон ва Покистон ҳарбий хизматчилари Ўзбекистонда ўтказилган «Абадий биродарлик-V» халқаро махсус тактик ўқув-машғулотларида иштирок этди. Машғулотлар қарийб 10 кун давом этиб, назарий ва амалий тайёргарликни қамраб олди.
Ўқув-машғулотлар Қуруқликдаги қўшинлар институтидаги тантанали очилиш маросими билан бошланди.
Тайёргарлик жараёнида ҳарбий хизматчилар махсус операцияларни ўтказишда ўзаро ҳамкорлик қилиш, тажриба алмашиш ва замонавий жанговар ҳаракатларга яқин шароитларда тактик вазифаларни бажариш кўникмаларини такомиллаштириш бўйича машғулотлар ўтказди.
Дастурдан ўқ отиш, тоғ, махсус-тактик, муҳандислик-тактик ва тиббий тайёргарлик бўйича машғулотлар ўрин олди. Учувчисиз учиш аппаратларидан амалий фойдаланиш ва уларга қарши курашишга алоҳида эътибор қаратилди.
Учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланилган амалий машғулотлар давомида ҳарбий хизматчилар шартли душман жойлашган ҳудудни аниқлаб, разведка ишларини олиб борди. Шундан сўнг шаҳар шароитида шартли ноқонуний қуролли гуруҳларни қўлга олиш ва йўқ қилиш бўйича махсус операция амалга оширилди.
Шунингдек, иштирокчилар белгиланган ҳудудларга десант тушириш, учувчисиз учиш аппаратларини йўқ қилиш ва белгиланган нишонларга зарба бериш бўйича машғулотларни бажарди.
III даражали сержант Абpop Худойқулов ўқув-машғулотлар доирасида ҳарбий хизматчилар учувчисиз учиш аппаратларига қарши курашиш ва кичик гуруҳлар таркибида биноларни эгаллаш бўйича машғулотлар ўтказганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бундай машғулотлар турли шароитларда ўзаро ҳамкорлик қилиш ва вазифаларни биргаликда бажариш кўникмаларини оширишга хизмат қилган.
Озарбайжон вакили прапорщик Равшан Амирли ўқув-машғулотлар давомида турли мамлакатлар ҳарбий хизматчилари умумий вазифалар атрофида бирлашгани ва замонавий жанговар ҳаракатларни олиб бориш усулларини ўрганганини билдирди.
Туркия Қуролли кучлари подполковниги Четин Тораман назарий ва амалий машғулотлар ўтказиш ҳамда тажриба алмашиш имконияти мавжуд бўлганини таъкидлади.
Ўқув-машғулотлар якунлангач, уларнинг босқичлари ва бажарилган вазифалар таҳлил қилинди, иштирокчилар эса фикр алмашди. Машғулотларда фаол иштирок этган ҳарбий хизматчилар мукофотланди.