Ўзбекистон

Чирчиқда нарколаборатория ташкил қилганлар ушланди

Чирчиқда нарколаборатория ташкил қилганлар ушланди
Чирчиқда нарколаборатория ташкил қилганлар ушланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида нарколаборатория ташкил этиш ва гиёҳвандлик воситаларини тайёрлашда гумонланаётган тўрт киши ушланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Тезкор тадбир ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят ички ишлар бошқармаси вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилди. Идора маълумотларига кўра, гумонланувчилар Чирчиқ шаҳридаги кўп қаватли уйлардан биридан квартира ижарага олиб, ундан гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш ва сотиш учун фойдаланган.

Дастлабки маълумотларга кўра, 2000 ва 2002 йилларда туғилган ушланган шахслар хориждаги кураторлар томонидан Telegram орқали контрабанда йўли билан етказиб берилган гашиш мойи ва ярим тайёр маҳсулотларни қайта ишлаб, гашиш тайёрлаган.

Квартирани кўздан кечириш жараёнида қарийб 400 грамм гашиш ва 5 килограмм ярим тайёр маҳсулот аниқланган. Ашёвий далил сифатида гиёҳвандлик воситаларини қуритиш учун мўлжалланган электр печи, миксер, қўлқоплар, ҳимоя воситалари, тарозилар ва пластик идишлар ҳам олиб қўйилган.

Терговга қадар текширув давомида гумонланувчилардан бири аввал Россияда лаборатория шароитида гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш билан шуғуллангани, яна икки нафари эса Вьетнам ва Таиландда шу каби фаолият билан шуғуллангани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 276¹-моддаси 3-қисми «а» ва «б» бандларида назарда тутилган жиноят аломатлари бўйича жиноий иш қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.