Ўзбекистон

Бухорода 1 октябрдан самокат ва рикшалар ҳаракати чекланади

Бухорода 1 октябрдан самокат ва рикшалар ҳаракати чекланади
Бухорода 1 октябрдан самокат ва рикшалар ҳаракати чекланади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бухоро шаҳри ҳокими Қуддус Турсунов шаҳарнинг тарихий қисмида йўловчи ташиш учун мўлжалланмаган транспорт воситалари ҳаракатини чеклаш тўғрисида қарор имзолади. Бу ҳақда Бухоро шаҳар ҳокимлиги хабар берди.

2026 йил 21 сентябрдаги 295-2-42-Q/26-сонли қарорга мувофиқ, чекловлар Арк қўрғонидан Пои-Калон ансамблигача, Ҳақиқат кўчаси бўйлаб Лаби-Ҳовуз ансамблигача бўлган ҳудудда жорий этилади. 1 октябрдан мазкур ҳудудда электроскутерлар, рикшалар (электромобиллар), велосипедлар, самокатлар, болалар учун электрон автомобиллар, мопедлар, тўрт ғилдиракли велосипедлар, картинглар, шунингдек, от ва туяларда ҳаракатланиш тақиқланади.

Қарорда қайд этилишича, сўнгги вақтларда шаҳарнинг тарихий марказида бундай транспорт воситалари сони кескин кўпайган. Бу ҳаракатнинг тартибсизлашишига олиб келиб, хорижий ва маҳаллий сайёҳлар, шунингдек, пиёдалар хавфсизлигига таҳдид юзага келтирган. Ҳужжатда маданий мерос объектлари ҳудудида бундай транспорт воситаларидан назоратсиз фойдаланиш оқибатида экскурсия иштирокчиларининг соғлиғига зарар етказилган ҳолатлар ҳам қайд этилган.

Қарор Бухоро вилояти ички ишлар бошқармасининг 2026 йил 8 августдаги тақдимномаси асосида, шунингдек, Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 15 майдаги Бухорода туризмни иқтисодиётнинг стратегик тармоғи сифатида ривожлантиришга қаратилган ПФ-87-сонли фармонида белгиланган вазифаларни инобатга олган ҳолда қабул қилинган.

Қарорга кўра, шаҳар ички ишлар бошқармасининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими Туризм хавфсизлиги бошқармаси, давлат солиқ инспекцияси ва Бухоро вилояти маданий мерос бошқармаси билан ҳамкорликда кўрсатилган ҳудудга кириш ва чиқиш жойларида ахборот кўрсаткичлари ҳамда йўл белгилари ўрнатилишини таъминлаши, шунингдек, мазкур ҳудудда фаолият юритаётган жисмоний ва юридик шахсларни янги талаблар ҳақида олдиндан хабардор қилиши лозим.

Бухоро шаҳар ҳокимлигининг Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимига чекловлар татбиқ этиладиган транспорт воситалари эгаларига махсус ажратилган ҳудудларда, хусусан, «Янги Ўзбекистон» ва «Боқий Бухоро» боғлари ҳудудида ўзини ўзи банд қилишни ташкил этиш имкониятларини тушунтириш вазифаси юклатилган.

Қарор ижроси бўйича умумлаштирилган маълумот 2026 йил 1 ноябрга қадар тақдим этилиши керак. Ҳужжат ижросини назорат қилиш Бухоро шаҳри ҳокимининг биринчи ўринбосари У. Задаев, ҳоким ўринбосари Ф. Ҳамроев ва шаҳар ички ишлар бошқармаси ЙҲХХ бўлими бошлиғи зиммасига юклатилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.