Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент мактабларида ўқувчилар давоматини рақамли назорат қилиш тизими — SI Davomat жорий этилмоқда. У смарт-камералар ва Face ID технологияси ёрдамида ўқувчиларнинг дарсда қатнашганини автоматик қайд этади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Давоматни назорат қилиш ва дарс қолдириш ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш масалалари пойтахт ҳокимлиги Вазият марказида ўтказилган йиғилишда муҳокама қилинди. Йиғилиш иштирокчиларига янги тизимнинг ишлаш механизми ва унинг Сергели туманидаги синов натижалари тақдим этилди.
Айни пайтда SI Davomat тизими тумандаги 26 та мактабда синовдан ўтказилмоқда. Уларда 446 та смарт-камера ўрнатилган. Ўқувчи узрли сабабсиз дарс қолдирган тақдирда, ота-онасига автоматик равишда SMS-хабарнома юборилади. Маълумотлар, шунингдек, мактаб директори, профилактика инспектори, Миллий гвардия ходими ва маҳалла вакилларига ҳам етказилади.
Тизим Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ERP Maktab ва DMED платформалари билан интеграция қилинган. Бу орқали давомат маълумотлари касаллик сабабли дарсда бўлмаган ўқувчиларни узрсиз сабаб билан дарс қолдирганлардан ажратиш имконини беради.
Давомат кўрсаткичлари асосида мактаблар тегишли натижаларга қараб «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифаларга ажратилади.
Сергели туманидаги тажриба натижаларига кўра, SI Davomat тизимини Тошкентдаги бошқа умумтаълим мактабларида ҳам босқичма-босқич жорий этиш режалаштирилмоқда.