Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 17 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида «Демократик ривожланишда фуқаролик жамияти институтларининг аҳамияти: Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари тажрибаси» мавзусида Марказий Осиё фуқаролик жамияти форуми бўлиб ўтди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси хабар берди.
Тадбирда Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари парламентлари сенатор ва депутатлари, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ташкилотлар вакиллари, экспертлар, таҳлилчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимларидан иборат 150 га яқин киши иштирок этди.
Парламент комиссияси раиси Алишер Агзамходжаев форумнинг очилиш маросимида кириш сўзи билан чиқди. Унинг таъкидлашича, замонавий шароитда фуқаролик жамияти институтлари аҳолининг эҳтиёжларини аниқлаш, уларни қарор қабул қилувчи шахсларга етказиш ва тегишли қарорларни амалга оширишда давлатнинг муҳим ҳамкори сифатида намоён бўлмоқда.
Иштирокчилар Марказий Осиёнинг тинчлиги ва фаровонлиги нафақат давлатлараро келишувларга, балки халқлар, фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорлик ва қўшма ташаббусларни амалга оширишга ҳам боғлиқ эканини таъкидлади. Шу муносабат билан миллий тажрибани минтақавий натижаларга айлантириш зарурлиги қайд этилди.
Давлат ва фуқаролик жамияти ўртасидаги мулоқотни кучайтириш, ижтимоий лойиҳаларни очиқ ва барқарор молиялаштиришни таъминлаш, жамоатчилик назоратини такомиллаштириш ҳамда рақамли воситалардан фойдаланган ҳолда фуқароларнинг иштирокини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Форум доирасида халқ бошқаруви ва ижтимоий шериклик, инсон манфаатлари ва фаровонлиги, ёшлар ва хотин-қизлар фаоллиги, рақамли трансформация, экологик ташаббуслар, қўшма лойиҳалар ҳамда тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди. Тадбирлар учта параллел йўналиш ва тўққизта сессия доирасида ўтказилди.
Иштирокчилар Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари тажрибасини ҳам кўриб чиқиб, илғор ёндашувлар ва уларни амалиётда қўллаш имкониятларини муҳокама қилди.
Хусусан, фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ҳамкорлиги минтақавий ишонч, яхши қўшничилик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутиши қайд этилди.
Форум якунлари бўйича фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари билан ҳамкорликни ривожлантириш ва минтақавий алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган қўшма тавсиялар ҳамда резолюция қабул қилиниши режалаштирилмоқда.