Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2 октябрь, шанба кунидан 31 октябрь 2026 йилга қадар Бухорода француз маданияти ойлиги ўтказилади. Ушбу даврда шаҳарда қатор кўргазмалар, концертлар, рақс томошалари ва кино намойишлари ташкил этилади. Бу ҳақда Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар берди.
Ташкилотчилар таъкидлашича, октябрь ойи давомида ўзбек томошабинлари Ипак йўли гавҳари сифатида таърифланадиган Бухоро шаҳрида Франциянинг маданий мероси билан танишиш имконига эга бўлади.
Дастур рассомлик, мусиқа, рақс, кино ва конференцияларни қамраб олади. Барча тадбирлар истаганлар учун очиқ бўлиб, кириш бепул.
Фестивалнинг очилиши 3 ва 4 октябрь кунлари бўлиб ўтади. Ушбу кунларда шаҳарнинг бир нечта майдонларида, Пои-Калон мажмуасидан Ситораи Моҳи-Хоса саройигача, жумладан, Арк қалъасида очиқ осмон остида кўргазмалар ва томошалар ташкил этилади.
Очилиш дастурига кўра, 3 октябрь куни соат 15:00 да Ситораи Моҳи-Хосада рассом Диана Ҳамзинанинг «Прованс манзаралари» кўргазмаси очилади. Соат 17:30 да Арк қалъаси олдида Beau Geste рақс гуруҳи ўз чиқишини намойиш этади.
Кечки соат 19:00 да Пои-Калон ансамбли ҳудудида Christine Fontrulp концерти бўлиб ўтади.
Ойлик дастурининг кейинги қисмида 5–9 октябрь кунлари маданий меросга бағишланган конференциялар серияси, 13–17 октябрь кунлари эса француз киноси фестивали ўтказилади.
Француз маданияти ойлиги франко-ўзбек қўшма якуний концерти билан якунланади. Бундан ташқари, бутун ой давомида шаҳар бўйлаб интерактив тадбирлар мунтазам равишда ўтказиб борилади.
Ташкилотчилар француз маданияти ойлигининг батафсил дастури кейинроқ эълон қилинишини маълум қилди.