Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Россиядан Ўзбекистонга Мордовия ва Самара вилоятидаги жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган Ўзбекистон фуқароси бўлган аёлларнинг уч нафар вояга етмаган фарзанди қайтарилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Болалар Мордовиядаги жазони ижро этиш муассасаларидан бирида ташкил этилган болалар уйида бўлган. Улар орасида 4 ва 2,5 ёшли икки қиз ҳамда бир ёшли ўғил бола бор.
Репатриациядан олдин ўзбек дипломатлари болаларнинг фуқаролигини тасдиқлади, Ўзбекистонда қариндошлари бор-йўқлигини аниқлади ва зарур ҳужжатларни расмийлаштирди. Тайёрланган материаллар Россиянинг ваколатли органларига тақдим этилди.
Болаларни қайтариш жараёнини Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси ташкил этди. Йўл давомида уларга дипломатлар ҳамда Ўзбекистондан хизмат сафарига юборилган Ички ишлар вазирлиги ходимлари ҳамроҳлик қилди.
Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилишича, Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси Россиядаги жазони ижро этиш муассасалари ҳузуридаги болалар уйларида бўлган Ўзбекистон фуқароларининг фарзандларини мамлакатга қайтариш билан тизимли равишда шуғулланмоқда.