Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хитойнинг Нанкин шаҳри ва Тошкент ўртасида мунтазам юк авиарейсларини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Парвозлар 2026 йил 12 октябрдан ҳафтасига уч марта амалга оширилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Uzbekistan Airports хабар берди.
Янги йўналишни йўлга қўйиш масаласи Uzbekistan Airports компаниясининг Jiangxi International Cargo Airlines ва Beijing Capital Airlines вакиллари билан ўтказган ишчи учрашувида муҳокама қилинди.
Рейсларни амалга ошириш учун Airbus A330 русумли юк самолётларидан фойдаланиш режалаштирилмоқда. Ташувларни ҳар икки йўналишда амалга ошириш кўзда тутилган. Юкларнинг асосий турлари ускуналар ва трансчегаравий электрон тижорат товарларидан иборат бўлиши мумкин.
Учрашув иштирокчилари йўналишни эҳтимолий ишга тушириш билан боғлиқ тижорий ва операцион масалаларни кўриб чиқди. Хусусан, аэропорт, ер усти ва омбор хизматларини кўрсатиш, ҳаво кемаларига ёқилғи қуйиш шартлари, шунингдек, зарур инфратузилма ва кадрларни тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Нанкин Шарқий Хитойнинг йирик саноат ва логистика маркази ҳамда Цзянсу провинциясининг маъмурий маркази ҳисобланади. Шаҳар Янцзи дарёси бўйида, Шанхайдан қарийб 300 километр масофада жойлашган.
Нанкин ва Тошкент ўртасида мунтазам юк авиақатновларининг йўлга қўйилиши тўғридан-тўғри юк ҳаво ташувлари географиясини кенгайтириш, шунингдек, савдо-логистика алоқалари ва трансчегаравий электрон тижоратни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратиши мумкин.