Технологиялар

LINAGORA Ўзбекистонда ишланмаларини жойлаштиришни ўрганмоқда

LINAGORA Ўзбекистонда ишланмаларини жойлаштиришни ўрганмоқда
LINAGORA Ўзбекистонда ишланмаларини жойлаштиришни ўрганмоқда / Фото: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Франциянинг технологик компанияси LINAGORA ишланмаларининг бир қисмини Ўзбекистонда жойлаштириш ҳамда Марказий Осиё ва МДҲ бозорларига дастурий ечимларни етказиб бериш учун мамлакатда минтақавий марказ ташкил этиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон вакилларининг LINAGORA асосчиси ва президенти Александр Запольски билан учрашуви якунлари бўйича маълум қилинди.

 

Музокаралар Парижда Халқаро космик саммит доирасида бўлиб ўтди. Учрашувда рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, Ўзбекистон Президенти Администрациясининг молиявий технологиялар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект департаменти раҳбари Бобур Хўжаев ҳамда IT Park Uzbekistan вакили иштирок этди.

Асосий масалалардан бири Ўзбекистонда LINAGORA дастурий ечимларини ишлаб чиқиш ва етказиб бериш бўйича минтақавий марказни ташкил этиш имконияти бўлди. IT Park Uzbekistan томонидан мамлакатнинг кадрлар салоҳияти, рақобатбардош харажатлар тузилмаси ва технопарк резидентлари бўлган компаниялар экотизими имкониятлари тақдим этилди.

Томонлар, шунингдек, LINAGORA компаниясининг Ўзбекистонда фаолият юритиши учун мавжуд қўллаб-қувватлаш механизмлари ва IT Park Uzbekistan резиденти мақомини олишнинг афзалликларини муҳокама қилди. Лойиҳанинг амалга оширилиши Франция технологик компаниясини жалб қилиш ва янги юқори технологик иш ўринларини яратишга хизмат қилиши мумкин.

Рақамли суверенитет ва очиқ бошланғич кодли ечимларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, LINAGORA маҳсулотларидан, жумладан, Twake Workplace ва LinShare ечимларидан Ўзбекистоннинг давлат ва хусусий секторларида эҳтимолий фойдаланиш масаласи муҳокама қилинди. Ушбу ечимлар ташкилотларга маълумотлар ва рақамли инфратузилма устидан кўпроқ назоратни сақлаб қолиш имконини беради.

Музокараларнинг яна бир йўналиши сунъий интеллект бўлди. IT Park Uzbekistan ва LINAGORA вакиллари компаниянинг OpenLLM Europe ташаббуси доирасидаги тажрибаси ҳамда Ўзбекистонда сунъий интеллект экотизимини ривожлантириш учун очиқ ва аудитдан ўтказиш мумкин бўлган AI моделларидан, жумладан, LUCIE моделидан фойдаланиш имкониятларини кўриб чиқди.

LINAGORA 2000 йилда ташкил этилган бўлиб, open-source дастурий таъминот ва рақамли суверенитет технологияларини ишлаб чиқишга ихтисослашган. Компания очиқлик, ахлоқийлик, инклюзивлик ва барқарор ривожланиш тамойилларига асосланган «учинчи рақамли йўл» концепциясини ривожлантирмоқда. LINAGORA давлат ва хусусий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади ҳамда Франция, Тунис, Вьетнам ва Канадада фаолият юритади.

Компания портфелига корпоратив коммуникациялар ва биргаликда ишлаш учун мўлжалланган Twake Workplace, файлларни хавфсиз алмашиш учун LinShare ҳамда 500 дан ортиқ open-source пакетларни қўллаб-қувватловчи OSSA технологик фреймворки киради.

LINAGORA, шунингдек, очиқ ва текширилиши мумкин бўлган сунъий интеллект моделларини яратишга қаратилган Европа OpenLLM Europe ташаббусида иштирок этади.

LINAGORA билан эҳтимолий ҳамкорлик бир нечта йўналишни қамраб олади. Улар қаторига ишланмаларнинг бир қисмини Ўзбекистонга кўчириш ва минтақавий марказ ташкил этишдан тортиб, open-source ечимларни жорий этиш ва сунъий интеллект соҳасида очиқ технологияларни ривожлантиришгача бўлган йўналишлар киради.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.